Қувасойлик 35 нафар йигит-қиз ишли бўлди
Фото: "Халқ сўзи"
Қувасой шаҳридаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида жойлашган маданият уйида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими раҳбари Бекзод Фозилов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан келажак ворисларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва унинг амалий самараси қувасойлик ёшлар ҳаётида ўз аксини топаётганини аниқ мисоллар билан таҳлил қилиб берди.

Таъкидланганидек, “Ёшлар дафтари”га киритилган қувасойлик 609 нафар янги авлод вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган давр мобайнида “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 1 млрд. 408 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Ўз навбатида тадбир давомида шаҳардаги “Ёшлар дафтари”га киритилган 35 нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия асосида компьютер жиҳозлари, тикув машиналари, пишириқ печлари ҳамда меҳнат қуроллари топширилди.

— Бугун тенгдошларим қаторида менга ҳам тикув машинаси берилди, — дейди Гулсанам Саломова. — Энди тикувчилик бўйича қисқа курсда ўқиб, тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилганман. Келажакда оилавий тадбиркорлик орқали ўз бизнесимни йўлга қўяман.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг