Қувасойда 30 миллион долларлик лойиҳа доирасида автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этилмоқда

11:13 18 Февраль 2026 Жамият
309 0

Қувасой шаҳрининг “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида яна бир йирик саноат корхонаси қурилиши ишлари олиб борилмоқда.

Истиқболли лойиҳа доирасида Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси билан ҳамкорликда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Корхонанинг умумий қиймати 30 миллион доллар бўлиб, биринчи босқичда 120 та, умумий ҳисобда 200 дан ортиқ юқори даромадли иш ўрни яратилиши мақсад қилинган.

Корхонада маҳаллий автосаноат корхоналари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Айни пайтда қурилиш жараёнида маҳаллий қурувчилар билан бирга, туркиялик лойиҳа муҳандислари, меъморлар ҳам қатнашмоқда. Бу фарғоналик ёш қурувчилар учун ўзига хос тажриба бўлиши шубҳасиз. Сабаби, мазкур қурилишга жалб этилган Туркия компанияси кўп қаватли уйлар ҳамда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этишда халқаро миқёсда танилган.

—Ўтган беш йил мобайнида пойтахт Тошкентда, Фарғона водийсида юзлаб бино-иншоотлар қурилишида иштирок этганман,—дейди туркиялик тажрибали меъмор Ковасой Караж.—Шу боис Қувасойдаги ушбу иншоотда маҳаллий қурувчилар билан ҳеч бир қийинчиликсиз ишлаяпмиз. Қурилиш ишлари икки ойда якунланади. Ҳозирда бинонинг асосий устунлари кўтариляпти, яқин кунларда муҳандислик коммуникация тармоқларини тортиш ҳамда жиҳозлаш ва пардозлаш ишларига киришилади.

Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра, яқин йилларда “Қўқон” ЭИЗнинг Қувасой филиали учун 210 гектар ер майдони ажратиб берилди. Эндиликда бу ерда маҳаллий ва хорижий инвестиция иштирокида ўнлаб янги ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўз навбатида “Бунёдкор” МФЙда замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги андозалари асосида янги шаҳарча барпо этилиб, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилиши жадал давом этаётир.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер