Қувасой шаҳрида тўрт сектор раҳбари фаолияти қониқарсиз баҳоланди
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси билан танишиш мақсадида Қувасой шаҳрида бўлди.
Ўрганишлар давомида секторлар раҳбарлари фаолияти қониқарсиз экани, раҳбарларда масъулият ва ташаббускорлик етишмаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, ушбу шаҳарда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.
“Пакана” МФЙ ҳудудида барпо этилаётган 11 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бошланганига бир йил тўлган бўлса-да, бирорта уй тўлиқ фойдаланишга топширилмаган. “Сойбўйи”, “Пакана”, “Валик” МФЙ ҳудудларида ташкил этилаётган кичик саноат зоналаридаги ишлар ҳам қониқарли эмас. Биргина иккинчи сектор ҳудудида жойлашган “Пакана” МФЙдаги кичик саноат зонасида ишга тушириш режалаштирилган 15 та лойиҳанинг атиги 3 таси амалга оширилаётгани, қолган лойиҳалар бўйича ишлар суст кетаётгани вилоят раҳбари томонидан танқид қилинди.
Ўрганиш давомида 22 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳам самарасиз эканлиги маълум бўлди. Вилоят ҳокими шаҳардаги экин ерларини чуқур мониторинг қилиш, камчиликларни ўрганиш ва таҳлил этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини тизимли жойлаштириш бўйича тезкор ишни йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг