«Қулупнайнинг килограммини 150 минг сўмдан сотдим»

16:58 20 Январь 2025 Жамият
304 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува туманидаги «Акбаробод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи томорқачилар қиш мавсумида ҳам юртда мўл-кўлчилик бўлишини таъминлаб, вилоят бозорларига плёнка остида етиштирилган редиска, қулупнай етказиб бермоқда.

Томорқада редиска, қулупнай, эртанги карам, булғор қалампир сингари сабзавот экинлари етиштиришда Акбарободда ўзига хос тажриба шаклланган ва бу орқали маҳалла аҳли йилнинг тўрт фаслида ҳам ердан унумли фойдаланади.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Отахон Бобоев оиласи 20 сотих ерда плёнка остида редиска парваришлаб, бир мавсумнинг ўзида 50 миллион сўмдан ортиқ даромад олади. Экиндан бўшаган ерга булғор қалампири кўчатлари экилади. У 45 кунда истеъмол учун тайёр бўлади. Кеч кузда тўқсонбости усулда бўш майдонга яна редиска экилади.

— Бугун деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, инновация ғояларидан кенг фойдаланиб, табиатнинг кутилмаган инжиқликлари олдида енгилмасликка ҳаракат қиляпмиз, — дейди миришкор оила соҳиби. — Мисол учун, томорқадаги 5 сотих иссиқхонада муқобил ёнилғи – кўмир билан ишлашга мўлжалланган «Ақлли» иситиш тизимидан фойдаланиб, ортиқча харажат ва қийинчиликсиз қаҳратон қишда ҳам қулупнай етиштиряпмиз.

Айни кунларда хонадонимиздан қулупнайнинг бир килограммини 150 минг сўмдан сотяпмиз. Иссиқхонада 5 минг туп кўчат бор. Ўрта ҳисобда 200 граммдан ҳосил териб олинса ҳам даромад салмоғи 150 миллион сўмдан ошади. Иссиқхонада бир пайтнинг ўзида иккинчи ҳосил сифатида булғор кўчатлари экиб қўйилгани инобатга олинса, мўъжазгина иссиқхона улкан даромад манбаи эканини англаб етиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер