Қудуқларни бурғилаш самарадорлигини оширишда хориж тажрибаси қўлланилади

17:39 07 Декабрь 2023 Жамият
885 0

Россия энергетика ҳафталиги доирасида “Газпром нефть” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида тегишли шартнома имзоланди. Унга кўра “Газпромнефт” Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга кўмаклашади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ конларида қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш учун “Газпромнефт – Ноябрскнефтгаз” лойиҳанинг оператори сифатида муҳандислик ёндашувлари ва ечимларини ишлаб чиқади.

У бурғилаш назорати, бурғилаш ускуналари аудити, қудуқ дизайнини ўзгартириш бўйича тавсиялар ва бурғилаш суюқлигининг оптимал формуласини танлашни ўз ичига олади. “Газпромнефт” компаниясининг илғор технологиялари ва тажрибаси “Ўзбекнефтгаз”га қудуқларни қуриш вақтини 20 фоиздан кўпроқ муддатга қисқартиришга ёрдам беради.

“Ноябрскнефтгаз” мутахассисларидан иборат гуруҳлар қудуқ унумдорлигини максимал даражада тиклаш борасида ўзлаштиришнинг кеч босқичидаги конларни ишлатиш учун зарур технологик малакаларга эга.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖда бурғилашни бошқариш марказини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда “Газпромнефт” дастурий таъминоти ва унинг қудуқларни қуриш борасидаги илғор тажрибасидан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, “Газпромнефт” 2012 йилдан буён углеводородларни қазиб олиш ва технологик жараёнлар самарадорлигини ошириш имконини берувчи бурғилашни бошқариш марказларини ташкил этиш билан шуғулланади.

Айни пайтда компания тасарруфида бурғиланишни туну-кун назорат қиладиган юқори технологияли 10 та қудуқ қурилишини бошқариш маркази мавжуд. Уларнинг улуши жами 87 фоизни ташкил этади. Хорижий компания билан ҳамкорлик Жамиятнинг инновацион фаолиятини фаоллаштирадиган янги технологиялар ва ечимларни яратиш имконини беради.

Вадим Яковлев, “Газпромнефт” компаниясининг геология ва қазиб чиқариш бўйича бош директори ўринбосари:

– Ўзлаштирилиши қийин бўлган захиралар ва мураккаб қудуқлар билан ишлаш бўйича тажрибамиз ноёб технологик малакаларни ривожлантириш имконини берди. Бугунги кунда “ГазпромНефт” компанияси фаолият юритадиган ҳудудлардаги конларда қудуқлар қурилишини масофадан бошқарадиган юқори технологияли марказлар мавжуд”.

Баҳодир Сидиқов, “Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви раиси:

– “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Бу соҳада илғор технологияларни қўллаш — қазиб чиқариш жараёнларини режалаштириш, мувофиқлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради. Бунинг натижасида хатарлар камайиши, жараён назорати ва меҳнат унумдорлиги ошади. Шу нуқтайи назардан, “Газпромнефт” билан ҳамкорликда бурғилашни бошқариш марказининг ташкил этилиши қудуқларни бурғилаш билан боғлиқ барча жараёнларни янада самарали ва уйғун бошқаришни таъминлайди. Мутахассисларимиз бир неча йиллар давомида ана шундай марказни ташкил этиш учун халқаро компаниялар тажрибасини ўрганишди. Ўрганишлар натижасида “Газпромнефт” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳани амалга оширишга қарор қилинди.

Маълумот ўрнида, “Газпромнефт-Ноябрскнефтгаз” “Газпромнефт” компаниясининг шўба корхонаси ҳисобланади. Корхона Ямало-Ненец ва Ханти-Манси автоном ҳудудидаги 37 та конда нефть ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланади. Компания саноатга хос бўлган технологияларни жорий этиш тажрибасига эга. 2020 йилдан буён узунлиги 1 км га етадиган икки горизонталь шахталарда бир вақтнинг ўзида қатламларни гидравлик ёриш имконини берувчи мураккаблик даражаси юқори бўлган қудуқларни қуриб келмоқда. Компания мутахассислари бир вақтнинг ўзида 50 га яқин қазиб олиш ва излов-бурғилаш қудуқлари қурилиши, бурғилаш, ётқизиш, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари – қудуқ майдончасини тайёрлашдан тортиб ишга туширишгача бўлган барча босқичларни туну-кун кузатиб боради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер