Қозоғистон пойтахтида фавқулодда ҳолат жорий этилди
Фото: NUR.KZ
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда кузатилаётган норозилик намойишлари фонида 5—19 январь кунлари республика пойтахтида фавқулодда ҳолат жорий қилди.
Таъкидланишича, Нур-Султонда фавқулодда ҳолат режими жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган. Шу муносабат билан шаҳарда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амал бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондаги норозилик намойишлари муносабати билан Олмаота ва Манғистау вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилган эди.
Қозоғистонда 2 январь, якшанба куни автомобиллар учун газ нархи литри учун 60 тангадан 120 тенгега ошиши муносабати билан норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевдан сиёсатни тарк этишни талаб қилишди.
4 январь куни намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланди. Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтди. Кейинроқ Тоқаев ҳукумат истеъфосини қабул қилди.
5 январь куни Ақтўбеда оломон полиция ўрасини ёриб ўтиб, Акимат (ҳокимият) биносига бостириб кирди. Чимкент ва Таразда ҳам маъмурий биноларга ҳужумлар уюштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг