Қозоғистон парламенти делегацияси Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди

21:29 09 Апрель 2026 Сиёсат
627 0

Жорий йилнинг 9 апрель куни Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига амалий ташриф билан келди.

Ташриф доирасида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, делегация аъзолари ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилиб, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг бешинчи йиғилиши ўтказилиши назарда тутилган.

Ташриф давомида «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида «Умумий ўтмишдан — муштарак келажак сари» мавзусидаги Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади. Унда буюк мутафаккирлар, шоир ва олимлар, файласуфлар меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Делегация аъзолари форум доирасида ташкил этилган илмий, бадиий ва ижодий ишлар кўргазмаси, шунингдек, инновациялар ва технологиялар бурчаги билан танишади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер