Қўштепада замонавий тикувчилик ўқув маркази иш бошлади
Фото: Халқ сўзи
Қўштепа туманида жойлашган “Global Textile Infinity” корхонасида замонавий тикувчилик ўқув маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2023-йил февраль ойида ушбу корхонага ташрифи давомида бир қатор ташаббуслар илгари сурилган эди. Хусусан, 3 миллион долларлик истиқболли лойиҳа натижасида “Global Textile” гуруҳига мансуб корхоналар учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи кўриб чиқилганди.

— Янги ўқув маркази тўлиқ ўз маблағларимиз ҳисобига бунёд этилди, — дейди тадбиркор Музаффар Раззоқов. — Бу ерда ўқув жараёнида касб ўрганувчиларга иш ҳақи ҳам тўлаб борилади. Марказда йилига 700 нафаргача малакали тикувчилар тайёрлаш, қайта тайёрлаш имконияти мавжуд. Шу тариқа ўқув марказида йилига 2,5 миллион дона замонавий трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларни сотиш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ҳозирги кунда ташриф доирасида белгиланган вазифалар доирасида тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳамда таниқли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилинмоқда. Шу мақсадда Франция, Германия ҳамда АҚШнинг дунёга машҳур компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Бугун “Global Textile” компаниялар гуруҳида 6,5 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилади. Кластер корхонасида пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот яратишгача бўлган жараёнда кўплаб қувонарли ютуқларга эришилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг