Қоровулбозорда юк мототцикллари ишлаб чиқарилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро вилоятининг чекка туманларидан саналган Қоровулбозорда фаолият юритаётган “Вuxoro Real Moto” масъулияти чекланган жамиятида ”Lochin” маркали юк мототцикллари, квадратцикллар ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган мотокултиваторлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бу техника воситалари сифати, қолаверса, ҳамёнбоплиги билан фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимизга маъқул тушмоқда. 250 нафар киши меҳнат қилаётган корхонада ойига икки мингтагача улов тайёрланяпти. Уч ғилдиракли бу мототцикллар бир тоннагача юкни ташиш қувватига эга. Улар ёнилғини нисбатан кам сарфлайди.
— Эътиборлиси, маҳсулотларимизга хорижда ҳам қизиқиш бор, —дейди корхона директори С. Сулаймонов. — Чунончи, жорий йилнинг шу кунига қадар Тожикистон Республикасига 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилдик. Буюртмачилар эҳтиёжини қондириш, бозордаги ўрнимизни мустаҳкамлаш ниятида бизнес лойиҳамизнинг иккинчи босқичини ишга тушириш тараддудидамиз. Бу яна 250 та иш ўрни яратиш имконини беради.
Корхона жамоаси яқин истиқболда электр токи воситасида ҳаракатланадиган транспорт воситалари ишлаб чиқариш технологиясини ўзлаштиришни мақсад қилган. Бу борада хитойлик ҳамкорлар билан дастлабки келишувга эришилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг