«Қорасув» чегара-божхона пости ўз фаолиятини бошлади
Саминжон ҲУСАНОВ«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бу ҳар икки давлат фуқаролари учун бир қанча қулайликларни вужудга келтирмоқда. Чегара масканларининг иш бошлаши шулар жумласидан. Айтиш жоиз, қисқа муддатда Андижон вилоятининг ўзида 4 та чегара масканлари фаолияти қайта тикланган эди. Уларнинг сони яна биттага ортиб, «Қорасув» чегара-божхона постининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
— Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги «Дардоқ» қишлоғига келин бўлиб тушганимга 50 йилдан ортди, — дейди Сайқал Маматова. — Сўнгги 30 йилда она юртим Аравонга боришда муаммолар юзага келди. Ота-онам, яқинларим оламдан ўтганида таъзиясига боролмаган пайтларим бўлди. Шукрлар бўлсинки, бугун ҳар иккала давлатга борди-келди муносабатлари қайта тикланди. «Қорасув» постининг очилиши мавжуд имкониятларимизни янада кенгайтирди.

Чегара-божхона постида фуқароларнинг ҳаракатланишлари учун барча қулайликлар яратилган. Жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги боис, ўтувчилар нафақат фуқаролик паспортлари, балки ID-карта билан ҳам бемалол ўтиш имкониятига эга.
— Авваллари Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара-божхона пости орқали ҳаракатланар эдик, — дейди Қирғизистон Республикасининг Қорасув шаҳрида яшовчи Неъматжон Акбаралиев. — Бунинг учун ўртача икки соат вақт сарфлардик. Ҳозир биргина Андижон вилоятининг ўзига бешта маскан орқали атиги ўн-ўн беш дақиқада ўтмоқдамиз. Бундан жуда хурсандмиз!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг