Қорақалпоғистонлик ва сурхондарёлик санъат вакиллари Навоийда бўлди

17:40 19 Май 2022 Жамият
795 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралда қабул қилинган «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳудудлардаги маданият муассасалари томонидан ўзаро ҳамкорлик тамойили асосида бошқа ҳудудларга гастроль сафарларини уюштириш, «Маданият кунлари» тадбирларини ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Шунга кўра Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри жамоаси Навоий вилоятида гастроль сафарида бўлиб, Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларида эртак томошаларини намойиш этди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Навоий шаҳрида ҳам болажонлар учун муҳташам қўғирчоқ театри барпо этилмоқда. Мазкур муассаса жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан шаҳар маданият марказида «Овунчоқ қўғирчоқ» ҳаваскорлик қўғирчоқ театр тўгараги фаолияти йўлга қўйилиб, қўғирчоқ театри ишга туширилгунига қадар ўз репертуарини жамоа ушбу масканда кенгайтириб бормоқда. Сурхондарёлик ҳамкасблар гастроли эса улар учун ўзига хос маҳорат сабоқлари бўлса, ажаб эмас.

Шунингдек, юқоридаги қарор ижроси доирасида Конимех туманидаги марказий ўйингоҳда Ўзбекистон Республикаси Давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг «Қорақалпоқ наволари» деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.

Саҳнада янграган қорақалпоқ куй ва қўшиқлари, ижро этилган шўх рақслар конимехликларга юқори кайфият бағишлади.

Концерт дастури ранг-баранг мушакбозлик билан ўз якунига етди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер