Қорақалпоғистонда жамоатчилик гуруҳи дастлабки мониторинг ишларини бошлади

03:04 24 Апрель 2022 Жамият
1073 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикасида шу йилнинг 13 апрель куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилиб, унинг 21 нафар таркиби тасдиқланган эди.

Куни кеча ушбу жамоатчилик гуруҳи раҳбари ва аъзолари 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва унинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросини ўрганишга қаратилган дастлабки мониторинг ишларини бошлади.

Жамоатчилик гуруҳи мониторинг ишларини Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишишдан бошлади. Шундан сўнг дастур доирасида реконструкция ишлари олиб борилаётган объектларга чиқишди.

— Биз «Анасай» магистраль каналининг реконструкция ишларини ўргандик, — дейди Қорақалпоғистон Республикасида Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи раҳбари Тажибай Романов. Маълумотга кўра, «Анасай» канали «Қорақалпоғистон сув қурилиш инвест» буюртмаси асосида бош пудратчи ташкилот — «Бунёдкор Мерос» МЧЖ томонидан реконструкция қилинмоқда. Жорий йил давомида каналнинг 1,6 километрида реконструкция ишларини олиб бориш учун 3000,0 млн сўм маблағ ажратилиб, 1 апрель ҳолатига ушбу режа юз фоизга бажарилган. Масъуллар кейинги мавсумнинг лимити ҳисобидан ишларни давом эттириш таклифини билдирди. Биз хулосамизга бу таклифни киритамиз, албатта. Негаки, жамоатчилик гуруҳи фақатгина бажарилган ишларни мониторинг қилмасдан, ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамаларида иштирок этиб, таклиф ва тавсияларини беради.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари «Дўстлик» каналининг реконструкция ишлари билан ҳам танишди. Мазкур каналда 2022 йилда 0,5 км қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, 1 апрель ҳолатига 0,2 км қисмида бетонлаш ишлари бажарилган. Ҳозирги кунда каналда сув мавжудлиги сабабли реконструкция ишлари вақтинча тўхтатилган.

Эътиборлиси, амалиётга татбиқ этилаётган бундай жамоатчилик назорати давлат дастурларида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлашда давлат ҳокимияти идоралари ҳамда вазирликларга кўмакдош бўлиши шубҳасиз. Шу билан бирга ушбу жараён айрим ноқонуний ҳолатлар содир этилишининг олди олишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер