Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар АҚШ билан кенг қамровли муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатмайди — Жавлон Ваҳобов
Фото: «Америка Овози» АА
«Америка Овози» ахборот агентлигининг расмий саҳифаси ҳамда унинг «YouTube»даги каналида мамлакатимизнинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг интервьюси асосида тайёрланган махсус видеолавҳа берилди. Унда Тошкент — Вашингтон стратегик шерикчилиги, Америка давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик, Конгресс билан алоқалар, ватандошларимизнинг икки томонлама ҳамкорликка қўшаётган ҳиссалари ва бир қатор бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, суҳбат аввалида элчимиз Қорақалпоғистонда содир бўлган сўнгги воқеалар АҚШ билан кенг қамровли муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатмаслигига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида шаффоф, мустақил ва холис тергов ўтказишга интилиши АҚШдаги ҳамкорларимиз томонидан фақат қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек америкалик ҳамкасблар билан давом этиб келаётган самимий ва очиқ мулоқотларимиз ҳамда АҚШ Давлат департаментининг бу масалага оид расмий баёноти ҳам Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари мустаҳкамлигича қолаётганидан дарак беради. Хусусан, Давлат департаменти ўз баёнотида Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлаши ва юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларида ёрдам беришга доим тайёрлигини айтиб ўтди.
Интервью давомида, элчи АҚШ Конгресси аъзолари ҳам ишонч билан Ўзбекистон бу оғир вазиятдан албатта чиқиб кетади, деб таъкидлашаётганини айтиб ўтди. Ҳозирда Америка қонун чиқарувчи органи вакиллари 17 нафар конгрессмен аъзо бўлган АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг муҳим аҳамиятига урғу берган ҳолда, ушбу дўстлик гуруҳи коронавирус пандемияси даврида барча кокуслар ичида ягона кенгайган гуруҳ ҳисобланишини қайд этишмоқда.
Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг терговга холис тарафлар, яъни жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар жалб этишга бўлган интилишини АҚШда жойлашган бир қатор ҳуқуқни ҳимояловчи нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам кўллаб-қувватланмоқда дейди. Хусусан, элчихона томонидан «Human Rights Watch», «Freedom House», «Amnesty International» ва «Freedom now» каби ташкилотларнинг вакиллари билан учрашувлар давомида улар бу масалада олиб борилаётган очиқ мулоқотни фақат олқишлашмоқда.
Ўзбекистон элчисининг фикрича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик ва ошкоралик сиёсати ва кенг кўламли ички ислоҳотлар билан биргаликда икки томонлама муносабатларимизда мисли кўрилмаган стратегик шерикчилик даражасига олиб чиқишга асос бўлиб хизмат қилди ва хизмат қилмоқда.
Болалар ва мажбурий меҳнат, диний эркинликларни таъминлаш, одам савдоси, коррупция ва бошқа йўналишларда олиб борилган кенг қамровли ишлар АҚШ Давлат департаменти, Меҳнат вазирлиги, Савдо вакили офисларининг йиллик ҳисоботларида ўзининг ижобий аксини топди ва алоқаларимизнинг кенгайишига сабаб бўлди. Мисол учун: 12 йил давомида Ўзбекистон пахтасига қарши киритилган байкот бекор қилинди.
Элчимизнинг фикрига кўра, Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг кейинги босқичлари иқтисодий дипломатияни компонентлари билан, жумладан, савдо айланмасини ошириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистон саноати учун илғор технологияларни олиб кириш, кадрлар потенциалини ошириш учун билим ва тажриба алмашишни кенгайтириш билан узвий боғлиқдир. «Иқтисодий дипломатиянинг муҳимлиги шундаки, мустаҳкам иқтисодиёт бор жойда халқ фаровонлиги ва тинчлиги таъминланади», дейди Ж. Ваҳобов.
Интервьюда Элчихона раҳбари ватандошларимизнинг икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришда алоҳида ўрин тутишига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, пандемия пайтида ватандошларимиз жипслашиб маълум бир маблағ жамлаб, уларга тегишли тиббиёт анжомлари ва керакли маҳсулотлар сотиб олинди ва улар манзилли равишда мамлакатимизнинг узоқ қишлоқларига етказиб берилди. Шунингдек, ватандошларимиз таълим, савдо-иқтисодиёт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам катта ҳисса қўшиб келишмоқда. Улар Элчихона вакиллари, ҳақиқий халқ дипломатлари сифатида Ўзбекистонга бўлган муносабатни яхшилашга уриниб, ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда, деб таъкидлайди Ўзбекистон элчиси.
Умуман олганда Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик мулоқоти, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида «Ўзбекистон бўйича кокус», Америка — Ўзбекистон Савдо палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва АҚШ савдо вазирлиги ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар механизми, АҚШ минтақалари билан шериклик дастури доирасидаги ҳарбий идоралар ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамда академик ва қардош шаҳарлар алоқаларининг институционаллашгани икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади, дейди Жавлон Ваҳобов.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг