Қорақалпоғистонда хонадонларга ўрнатилган қуёш панелидан илк бор энергия сотиш йўлга қўйилди

14:39 26 Декабрь 2022 Жамият
939 0

Фото: Иллюстратив cурат

Президентимиз шу йилнинг 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масала умуммиллий аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиши, ўз уйида, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Тахиатош ИEС» раҳбар ходимлари ўзларининг яшаш хонадонларига 1 кВт ва 3 кВт қувватга эга қуёш панеллари ва сиғими 200 литр бўлган қуёш сув иситгичларини ўрнатишди. Ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг хонадон эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотиш назарда тутилган.

— Бугун Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоладик, —  дейди қуёш панелини ўрнатган хонадон эгаси, «Тахиатош ИEС» ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Юнус Бобожонов. — Ушбу станция орқали йилига 8 мингдан 10 ўн минг кВт соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади. Соддароқ қилиб айтганда, бир хонадон ойига электр энергияси учун ўртача 400 минг сўм маблағ сарфлаган бўлса, ушбу қуёш панелларини ўрнатгандан кейин 200-250 минг сўм маблағ тежалишига эришилади.

Айни кунгача «Тахиатош ИEС»да ишловчи 10 нафар раҳбар ходим хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилди. Шу тариқа АЖ тизимидаги корхоналар раҳбарлари ва масъул мутахассислари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий ишлар бошланди.

Эътиборлиси, мазкур қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига хонадонни муқобил энергия манбаси билан таъминлаш билан бирга хонадон эгалари бир қанча солиқ преференцияларига ҳам эга бўлади. Жумладан, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатган жисмоний шахслар 3 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод бўладилар, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатганда фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар жорий этилмайди, харид қилинган харажатларининг бир қисмини қоплаб берилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 217-сонли қарорида кўзда тутилган компенсация ажратилади.

Ғ. ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер