“Қора бозор”даги қўлбола дори воситалари савдосига чек қўйилмоқда

09:57 29 Февраль 2020 Жамият
2488 0

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон ҲУСАНОВ/Андижон. Бу ҳаётда инсон учун энг муҳими саломатликдир. Шу боис ҳам республикамизда дорихоналар фаолияти яхши йўлга қўйилган. Бироқ, ушбу соҳанинг тижорат турига айланиши оқибатида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳам куннинг долзарб мавзусига айланган. Мутасаддилар бу борадаги муҳим масалалар билан банд бўлган бир пайтда жойларда дори-дармон билан савдо қилувчи “қора бозорлар”нинг пайдо бўлишига нима дейсиз?


Ана шундай бозорлардан бири Андижон шаҳрининг шундоққина “Холис” бозори олдида ташкил топган. Мижозлар тили билан айтганда, бу ерда дорихоналарда мавжуд бўлмаган хапдориларни топиш мумкин. Нега, дейсизми? Ҳамма гап шундаки, қўлда сотилаётган дориларнинг ўзи ҳам аслида қўлбола усулда тайёрланган бўлиб, инсон саломатлиги учун зарарли бўлса зарарлики, асло фойдаси йўқ. Улар орасида ҳатто кучли таъсир кучига эга бўлганлари ҳам бор. Кошки эди, буни мижозлар тушунса. Яхшиямки, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳи бу каби салбий ҳодисаларга қарши кураш бошлади. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир куннинг ўзида 7 нафар фуқародан 1542 дона дори воситаларининг савдосига чек қўйилди. Дорилар орасида айниқса, психотроп, шунингдек, ақлий фаолиятга жиддий зарар етказувчи бошқа турдаги воситаларнинг ҳам мавжудлиги ачинарли, албатта.

“Аксарият танишларим дори савдоси билан шуғуллангани учун мен ҳам қизиқиб улар сафидан жой олдим. Бирор жойда ишламаганим учун шу орқали тирикчилик қилишни ихтиёр этгандим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг тушунтиришларидан кейин билдимки, бу қонунга хилоф экан”,-дейди М.Х. (суриштирув-тергов ишлари олиб борилаётгани сабабли исм-шарифлар сир тутилмоқда).
 

Андижон шаҳрининг марказий кўчаларидаги мавжуд ўнта бинодан 9 тасида дорихоналар фаолият юритаётган, уларда аҳоли сонидан юз баробар ортиқ миқдорда дори воситалари сотилаётган бир пайтда содда ва ишонувчан фуқароларнинг “қора бозор”даги қўлбола дориларга “ишқи тушиб қолганини” сира оқлаб бўлмайди. Инсон саломатлиги учун энг аввало, ўзи жавобгар. Шундай экан, дори воситаларини қай тартибда ва қаердан сотиб олишни ҳам билишимиз даркор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер