Қўқонда бозор назоратчисининг қулоғини тишлаб узган шахсга ҳукм ўқилди
Фарғона вилоятида бозор назоратчисига оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Kun.uz суд қарорига таяниб хабар бермоқда.
Ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида Қўқон шаҳридаги «Ўрганжибоғ» маҳалласида жойлашган бозорда содир бўлган. Маълумотларга кўра, икки нафар сотувчи аёл жой талашиб жанжаллашиб қолган. Бозор назоратчиси К. О. аёлларни ажратмоқчи бўлган вақтда, сомса сотадиган бошқа бир аёлнинг ўғли, 38 ёшли И. Х. жанжалга аралашган.
«Эркак аввалига назоратчини қўллари билан урган, сўнгра унинг қулоғидан тишлаб, бир қисмини узиб олган», — дейилади хабарда.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, қулоқ супрасидаги чандиқ вақт ўтиши билан йўқолмайди ва пластик операция талаб қилади.
Судланувчи И. Х. ўз айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:
«Назоратчи онам сомса сотадиган аравани суриб, бу ердан йўқол, деди. Мен аравага тегмаслигини сўраганимда, у қўполлик қилди. Мен унинг юзига икки марта урдим. У мени йиқитди ва ўзи ҳам устимга тушди. Ўшанда мен унинг ўнг қулоғини тишлаб олдим, қулоқ бўлаги оғзимда қолди».
Назоратчининг сўзларига кўра, у шу кунгача даволаниш учун 14 млн сўм сарфлаган, пластик операция учун эса яна 70 млн сўм маблағ талаб этилади. У суддан ушбу моддий зарарларни ундириб беришни сўради.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди И. Х.ни Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б, е» бандлари (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топди. Судланувчи 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди (умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди). Жабрланувчи фойдасига 13,7 млн сўм миқдорида моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг