Қўқонда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда сунъий интеллектдан фойдаланилади
Қўқон шаҳрида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, айни жараёнда маҳаллалар кесимида мурожаатларни умумлаштириш ва қисқа вақт ичида ижросини таъминлаш мақсадида сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда.
Айни йўналишда давлатимиз раҳбарининг «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга жорий этилаётир.
Куни кеча Қўқон шаҳар ҳокимлигида ишлаб чиқилган ана шундай дастурий таъминот имкониятлари кўриб чиқилди. Ўрганишлар давомида аҳолини тадбиркорликка жалб этишга қаратилган бундай лойиҳалар қаторида таълим ҳамда жамоатчилик назорати тизимида ҳам ана шу каби ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида ушбу дастурий таъминот имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида қўшимча қулайликлар яратиш, хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш бўйича ўринли таклифлар билдирилди.
— Бу дастурий таъминот ҳар бир мурожаатни таҳлил қилиб, мурожаатчи истиқомат қилувчи маҳалла драйвери, тадбиркорлик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалий йўл-қўриқ кўрсатади ҳамда тавсияларини беради, — дейди Қўқон шаҳар ҳокимининг сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Алишер Алланазаров. — Дастлабки тажриба лойиҳаси бўлган мазкур дастурий таъминот Ўзбекистон саноат қурилиш банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Яқин истиқболда барча тижорат банкларида инсон омилисиз фаолият кўрсатувчи ана шундай замонавий тизимни ишга тушириш режалаштирилган.
Бугунги мулоқотда мутасаддилар билан давлат органларида мавжуд муаммоларни сунъий интеллектга асосланган ечимлар орқали ҳал этиш, маҳаллий ҳокимият ва маҳаллалар фаолияти самарадорлигини ошириш, фаолиятида вақт ва инсон ресурсларини тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Айни пайтда дастурий таъминот тўлақонли фаолият юритиши учун шай ҳолатга келтирилган. Музокаралар чоғида дастурни айни Қўқон шаҳри учун мослаштириш, зарур таҳлилий маълумотлар билан тўлдириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун махсус платформа ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. У ҳар бир мурожаатни тизимли йўналтириш ва тезкорлик билан ҳал этиш имконини беради.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг