Қўқон шаҳрида велосипед, скутер ва мотороллёрлар ишлаб чиқарилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Маълумки, яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Айни кунларда Қўқон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналарида юзма–юз мулоқотлар ўтказилиб, инвестициявий лойиҳаларни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Хусусан, вело-мото техника ишлаб чиқариш ва уларга сервис хизмат кўрсатишга ихтисослашган “Bodo“ хусусий корхонасида бўлиб ўтган учрашувда истиқболдаги режалар, мавжуд муаммолар ҳақида фикрлашилди. Бугунги кунда корхонада 200 турдан зиёд велосипед, скутер, мотороллёрлар ишлаб чиқарилади. Бир пайтнинг ўзида шу ернинг ўзида уларга сервис хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган.

— 2023 йил бошидан буён 1 миллион долларлик харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ички бозор эҳтиёжи учун етказиб берилди,—дейди корхонанинг савдо бўлими бошлиғи Маъмуржон Ҳошимов. —Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонга 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Ҳозирда корхонамизда 50 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, маҳсулот тайёрлаш, сервис хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ барча жараёнлар ўзимизда бажарилади. Янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва шу орқали қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар устида ҳам иш олиб боряпмиз.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг