Қонунни билмаслик масъулиятдан соқит қилмайди

18:16 08 Февраль 2023 Жамият
913 0

Фото: Халқ сўзи

«Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин, бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак», дейилади жорий йилда 75 йиллиги нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида. 1948 йили БМТ резолюцияси билан қабул қилинган ушбу декларация мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Айтиш ўринлики, декларациянинг барча қоидалари мамлакатимиз Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топди. Барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳам, аввало, инсон ҳуқуқлари устуворлигини кафолатлашдек эзгу мақсад мужассамдир.

Жумладан, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жараёнининг изчил амалга оширилиши инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг муҳим кафолатига айланиб, жиноятларнинг таснифланиши тўла ўзгартирилди. Оғир жиноятлар тоифасига кирувчи жиноий хатти-ҳаракатлар рўйхати сезиларли даражада қисқартирилди.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва жойлардаги вакиллари фаолияти йўлга қўйилган. Улар мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг изчил ва қатъий бажарилишини доимий равишда назорат қилиб, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчиликка оид чора-тадбирлар ижросини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатишмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жазони ижро этиш муассасалари соҳавий хизмат ходимлари учун ташкил этилган ўқув-семинар бунга мисолдир.

— Президентимизнинг 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган мазкур тадбир тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий билимлари, касбий тайёргарлиги, ўқув ва амалий кўникмаларини оширишга, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиши, қабул қилинаётган янги қонунлар ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашига хизмат қилади, — дейди Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Ш. Джўраев.

Семинарда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари, принциплари, мурожаатларни кўриб чиқиши, шикоятларни ўрганиш чоғидаги ҳуқуқлари, ушлаб турилган ва қамоққа олинган, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг Омбудсманга мурожаат этиш тартиби, маҳкумлар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказишда яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар, шунингдек, қийноққа солиш ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича асосли тушунчалар берилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер