Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округида яшил ҳудуд яратиши учун 412 млн сўмдан берилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда «яшил» техникумларнинг фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади.
Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлари учун эса тадқиқот майдонига айланади.
Президентимиз ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди.
Илгари «Менинг боғим» дастури доирасида ҳар бир лойиҳага буджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмдан оширилади.
Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин, энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади.
Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.
«Халқимизда «Яхшидан боғ қолади», «Бир кўчат – минг барака», «Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк», деб бежиз айтилмаган.
Бундай ҳикматли сўзларнинг аҳамияти ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганини барчамиз кундалик ҳаётда ҳис этиб турибмиз», деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари, барча фаолларга мурожаат қилиб, жойларда миллий урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизни янада кенгроқ тарғиб қилишга, маҳалла аҳолисини ҳамжиҳатлик ва аҳиллик руҳида мана шундай эзгу ишларга чорлашга, клублар, жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда ёшларга бош бўлишга чақирди.
«Зеро, яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак демак!» деди давлатимиз раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг