Қонунчилик палатаси депутатлари Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида жойлашган Термиз дарё порти, «Гулбаҳор» ва «Термиз автойўл» халқаро ўтказиш пунктларига ташриф буюрди.
Ташриф давомида депутатлар Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, олиб ўтилаётган товарларга нисбатан назорат тартиб-таомиллари ва уларни Давлат чегараси орқали ўтказиш жараёнлари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасига кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чиқишда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Бундан ташқари, депутатларга ўтказиш пунктларида назоратни амалга оширувчи божхона органлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати ҳамда давлат ветеринария хизмати фаолияти тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Ташриф доирасида депутатлар ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчилари иштирокида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни аҳамияти ва мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ҳам ўтказилди.
Таъкидланганидек, Давлат чегараси давлат мустақиллигини, суверенитети ва бирлигини мужассам этиш ҳамда таъминлашнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинларининг асосий вазифаси бўлиб, ҳарбий хизматчиларнинг бу борадаги фаолиятни амалга ошириши қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш принципларига асосланади.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш асосларини ҳамда ваколатли давлат органларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга, ўтказиш пунктлари орқали Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқва мажбуриятларини белгилашга қаратилган ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган 3 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси масъуллигида кўриб чиқилиб, қабул қилинганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, 2023 йил 13 сентябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Қўмита аъзолари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур Қонуннинг аввалги таҳририда соҳани тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор ҳуқуқий камчиликлар ва бўшлиқлар мавжуд бўлгани хусусида айтиб ўтилди.
Жумладан, Қонуннинг аввалги таҳририда Давлат чегараси билан боғлиқ асосий тушунчалар берилмаганлиги сабабли уларнинг турли тарзда талқин қилинишига олиб келган, натижада давлат органлари томонидан белгиланган вазифаларнинг бажарилишида бир қатор муаммо ва тушунмовчиликлар келиб чиққан.
Қатор вазирлик ва идораларнинг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимида иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари етарли бўлмаган. Ўтказиш пунктлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормалар мавжуд бўлмаган.
Янги таҳрирдаги Қонунда амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган нормалар билан бир қаторда кўпгина муҳим жиҳатли нормалар ҳам ўз ифодасини топди.
Жумладан, Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Олий Мажлис палаталари томонидан амалга оширилиши, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати эса Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилиши белгиланди, ўтказиш пунктлари орқали Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди.
Давра суҳбати давомида депутатлар ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида мамлакатнинг ҳуқуқий маконини, қонунчилик базасини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга, унинг талаблари асосида янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Шу билан бирга, амалиётда учраётган бошқа муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида белгиланган вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятида жойлашган бўлинмаси томонидан ташкил этилган мазкур ташриф, депутатларда катта таассурот қолдирганлиги ва бу эса уларнинг келгусидаги қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятларида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши таъкидлаб ўтилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг