Қонун устуворлиги сари адлия тизимидаги ўзгаришлар инсон манфаатига қай даражада хизмат қиляпти?
2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида мамлакатимиз адлия тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва олдинда турган вазифалар кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Нўмон Муҳаммадиев ҳамда Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳотамов иштирок этиб, тизимдаги ўзгаришларга атрофлича тўхталиб ўтди.
Ҳисобот даврида 258 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилгани адлия тизими фаоллигини кўрсатади. Бироқ эътиборли жиҳат аҳолидан талаб қилинадиган 30 турдаги ҳужжат бекор қилингани бўлди дейилади тадбирда спикерлар томонидан. Бу оддий инсон ҳаётида ортиқча қоғозбозлик қисқараётганини англатади.
«Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойилининг жорий этилиши тадбиркорлик муҳитини сезиларли даражада енгиллаштирди. Бир вақтнинг ўзида 7 та хизматнинг кўрсатилиши вақт тежалиши ва бюрократия қисқариши демакдир. Шунингдек, 1600 та мажбурий талаб бекор қилингани бизнес учун янги имконият эшикларини очди.

«Тартибга солиш гильотинаси» орқали 738 та эски ҳужжатнинг бекор қилиниши эса тизимда ортиқча юкдан халос бўлишга қаратилган жиддий қадам сифатида баҳоланиши мумкин.
Йил давомида 1 миллиондан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган. Бу катта кўрсаткич. Лекин асосий савол шунда: бу тадбирлар одамлар ҳаётига қанчалик таъсир қилди?
Матбуот анжуманида масъулларнинг таъкидлашича «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳаси бу саволга маълум даражада жавоб беради. 1,8 миллион хонадон ўрганилиб, 1,1 миллион ҳуқуқий муаммо аниқланган. Уларнинг 97 фоизи ҳал этилгани тизимнинг манзилли ишлаётганини кўрсатади. 23 минг нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тиклангани эса рақам ортида инсон тақдири турганини эслатади.
Судлар орқали 229 миллиард сўм маблағ ундирилгани ҳам адолат тикланаётганини кўрсатади.

— Ўтган 2025 йилда 61 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган. Бу рақам тизимнинг қанчалик кенг қамровли эканини англатади, — дейди вазир ўринбосари Нўмон Муҳаммадиев. — Айниқса, чекка ҳудудлар учун ташкил этилган 1,1 миллион сайёр хизмат аҳолига яқинлашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хизмат кўрсатиш вақти қисқаргани ҳам аҳамиятли. Давлат хизматлари марказларида 10 дақиқадан 4 дақиқага тушган. Бу оддий инсон учун катта қулайлик.
Тадбирда яна бир масала нотариат соҳасида ҳужжатлар ҳажмининг 95 фоизга қисқаргани алоҳида таъкидланди. Бу ислоҳотларнинг энг сезиларли натижаларидан бири. 299 мингдан ортиқ онлайн нотариал ҳаракат амалга оширилгани рақамлаштириш самарасини кўрсатади. «Lex AI» платформасининг жорий этилиши эса адлия тизимида сунъий интеллект имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорлик кучайиб, Корея Республикаси билан амалга оширилаётган 9,7 миллион долларлик лойиҳа соҳа ривожи учун муҳим қадам бўлмоқда.

Юридик таълимда «Рақамли ҳуқуқ» ва «Корпоратив ҳуқуқ» каби янги йўналишларнинг очилиши келажакда замонавий кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. 227 та мактабда «Ҳуқуқ синфлари» ташкил этилгани эса ҳуқуқий маданиятни эрта шакллантиришга қаратилган.
Адлия тизимидаги ўзгаришлар рақамларда жуда таъсирли кўринади. Қонунлар соддалашмоқда, хизматлар тезлашмоқда, рақамлаштириш кенгаймоқда. Лекин асосий мезон — бу ислоҳотларнинг инсон ҳаётига таъсири.
«Ҳуқуқий маҳалла» каби лойиҳалар шу нуқтаи назардан энг самарали ташаббуслардан бири бўлиб кўринади. Чунки у муаммони жойида аниқлаб, жойида ҳал қилишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг самарадорлигини янада чуқур таҳлил қилиш зарур. Чунки ҳақиқий ўзгариш инсон онгида бошланади.
2025 йил адлия тизими учун фаол ислоҳотлар даври бўлди. Қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар ташланди. Эндиги босқич бу ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлаш ва ҳар бир фуқаро уларнинг натижасини ўз ҳаётида ҳис қилишига эришишдир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг