Қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди — Жаҳонгир Ширинов
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда бобма-боб, моддама-модда атрофлича кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасини янада такомилига етказиш мақсадида, жорий йилнинг 10 октябрь кунидан 24 октябрь кунига қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Муҳокамаларда ёшлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партиялар вакиллари, умуман Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қолаверса, Қонунчилик палатасидаги депутатлар ҳамда сиёсий партиялар фракциялари томонидан ҳам бир қатор таклифлар тақдим этилди.
Жамоатчилик муҳокамалари давомида қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди.
Ялпи мажлисда сиёсий партиялар фаоллари ҳамда жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этган фуқаролар ҳам иштирок этмоқда.
Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қиляпти.
Масъул қўмита томонидан келиб тушган ҳар бир таклиф қуйидаги мезонлар асосида чуқур таҳлил этиб борилди:
– таклифнинг долзарблиги;
– таклифнинг янги таҳрирдаги Конституция нормаларига, давлат сиёсатининг устувор йўналишларига, белгилаб олган стратегиямизга ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслиги;
– таклифни амалга оширишнинг салбий оқибатлари йўқлиги ёки уларнинг минимал даражада эканлиги.
Қўмита йиғилишларида долзарб аҳамият касб этган бир қанча таклифлар муҳокама этилди ва асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасини такомилига етказишда фойдаланилди. Масъул қўмита қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ташаббускор депутатлар ҳамда мутахассислар билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг