Қонхўр йўллар 30 кун ичида: ўтда ёнганлар, сувда чўкканлар, пиёдаларни урганлар ва ЎЛИМ ёхуд ҳаммаси ЙТҲлар ҳақида
Сўнгги бир ой турли-туман йўл транспорт ҳодисалари билан эсда қолди. Аланга ичида қолган машиналардан тортиб, пиёдалар иштирокида содир бўлганларигача таъбимизни хира қилиши тайин. «Халқ сўзи» сўнгги бир ой ичида содир бўлган ЙТҲларни эслаб ўтди.
Ўтда ёнганлар ва сувда чўкканлар
Июнь ойи жуда иссиқ бўлди. Бу эса турли ёнғинларга сабаб бўлди. Қуйида уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.
***
3 июнь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида учта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юзага келди. Маълум қилинишича, Алишер Навоий ва Термиз кўчалари кесишган чорраҳада «Матиз», «Nexia-3» ва «Cobalt» машиналари тўқнашган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ. Тўқнашувда «Nexia-3» машинасида ёнғин кузатилган ва у бартараф этилган.
***
Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган «Lada Largus» автомобилида ёнғин содир бўлди. Маълум қилинишича, 8 июнь куни соат 11:45 да Россия—Ўзбекистон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Ўзбекистон давлат рақамига эга бўлган «Lada Largus»да ёнғин юз берган. Воқеа Атирау вилояти ҳудудидан ўтувчи Атирау—Ақтўбе республика аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 31-километрида содир бўлган. Ичида уч нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган машинада аланга соат 12:50 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олмаган, қолган икки нафар йўловчи турли даражадаги куйиш жароҳати билан Атирау вилоят шифохонасига ётқизилган.
***
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида «Lacetti» русумли автомобиль ёниб кетди. Маълум қилинишича, 12 июнь куни соат 14:18 да Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида «Lacetti» русумли автомобилда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида, шаҳар ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:25 да ўчирилган. Қўшимча қилинишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
***
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида «Cobalt» русумли машина ёниб кетди. Билдирилишича, 15 июнь куни соат 12:50 ларда, Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М39 автомобиль йўлининг 998 километрида Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи 1977 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашинада электр симларининг қисқа туташуви туфайли ёнғин содир бўлиб, мотор ва салон қисми ёнган. Аланга ФВБ томонидан бартараф этилган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
***
Тошкент шаҳри Сергели туманида «Mercedes-Benz» русумли автобус тўлиқ ёниб кетди. Маълум қилинишича, 15 июнь куни соат 11:35 ларда Сергели тумани Лутфикор кўчасида «Mercedes-Benz» русумли транспорт воситасида ёнғин келиб чиққан. «Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ», дейилади ЙҲХБ хабарида.
***
Тошкент шаҳри Учтепа туманида «Mercedes-Benz» русумли транспорт воситаси тўлиқ ёниб кетди. Маълум қилинишича, 15 июнь куни соат 11:30 ларда Учтепа тумани ТХАЙ кўчаси 18-автобуслар саройи қаршисида, «Mercedes-Benz» транспорт воситасининг салон қисмидаги электр симларида қисқа туташув бўлганлиги сабабли, ёнғин келиб чиққан. Аланга туман ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган.
***
Тошкент вилояти Паркент туманида «Damas» ёниб кетди. Маълум қилинишича, ҳолат 20 июнь куни соат тахминан 16:00 ларда Паркент тумани ҳудудидан ўтган 4Р15 Қизилтоғ—Паркент—Янгибозор автомобиль йўлининг 56-километрида («Паркент» бозори қаршисида) содир бўлган. 1985 йилда туғилган Ж.Б.га тегишли бўлган, тўхтаб турган «Damas»да ёнғин юзага келган. Манбага кўра, ушбу ҳолат содир бўлган вақтда автомобилда ҳеч ким бўлмаган. Ёнғин оқибатида ҳаракат иштирокчиларининг соғлиғига зиён етмаган. Автоуловнинг эса маълум қисми ёниб кетган.
***
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида руль бошқарувини йўқотиб, пастликка тушиб кетган юк машинасида ёнғин юзага келди. Маълум қилинишича, ҳодиса 20 июнь куни соат 21:00 лар атрофида Каттақўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 84-км.да содир бўлган. «Навоий—Самарқанд—Бухоро» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган юк транспорт воситасида техник носозлик ҳолати юзага келгани сабабли ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотиб йўлнинг ўнг четки қисми пастликка тушиб кетган. Оқибатида ЙТҲ содир бўлиб, транспорт воситасида ёнғин юзага келган.
***
30 июнь куни соат 00:45 да Қамчиқ довонидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 268-километрида юк машинасида ёнғин содир бўлди. Қайд этилишича, водийдан Тошкент шаҳрига томон ҳаракатланган Ивеко юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган, сўнгра ЙПХ масканидаги бетон тўсиққа урилган ва ёниб кетган. «Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Автотранспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланмоқда», дейилади хабарда.
***
Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида «Nexia-2» каналга тушиб кетиши оқибатида автоулов ҳайдовчиси ва 4 нафар йўловчи ҳалок бўлди. Билдирилишича, 17 июнь куни соат 13:00 ларда «Жанубий Мирзачўл» канали устидан ўтган, Ширин шаҳри М. Улуғбек маҳалласини Нуробод маҳалласи билан боғлаб турувчи кўприк устидан ҳаракатланаётган «Nexia-2» русумли автомашина бошқарувини йўқотиб кўприк тўсинларига урилган ва каналга тушиб кетган. Оқибатда автомашинада бўлган ҳайдовчи ва 4 нафар йўловчи ҳодиса жойида чўкиб кетиб ҳалок бўлган.
***
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида сувга тушиб кетган «Spark» автомашинаси ва унинг атрофида фуқаролар оқиб кетаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Вилоят ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, барча фуқаролар қутқариб олинган. Билдирилишича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар «Иқбол» маҳалласида 53 ёшли аёл (ҳайдовчи Д.М.) «Spark» автомашинасини орқага ҳаракатлантираётган вақтида эҳтиётсизлик сабаб сувга тушиб кетган. Тўлагановга кўра, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.
Эътиборсиз ҳайдовчилар ва пиёдалар
Пиёдаларни уриб кетиш ҳолати ҳам бу ойда кўп учради. Ҳайдовчилар ҳам пиёдалар ўтиш йўлагида тўхташга «танбаллик» қилганидек, пиёдалар ҳам йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтишдан тортинишмаяпти. Даҳшатлиси эса ушбу ҳолат икки томон учун ҳам яхши тугамаслигидир. Июнь ойида ҳам бундай ҳолатлар кўплаб учради. Биз уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.
***
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида «Cobalt» йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди. Қайд этилишича, 3 июнь куни соат 13:55 да 44 ёшли ҳайдовчи Н.К. ўз автомашинасини бошқариб келаётиб, Аҳмад Югнакий кўчасида йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган 26 ёшли пиёда Д.Х. (қиз)ни уриб юборган. Оқибатда қиз олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
***
Самарқанд вилояти Нуробод туманида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлди. Билдирилишича, 2024 йил 4 июнь куни соат 16:30 ларда Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд—Ғузор» А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида ЙТҲ юз берган. Унда 25 ёшли ҳайдовчи П.Ё. ўзининг бошқарувида бўлган «КамАЗ-53212» русумли юк автомашинасида ҳаракатланиб бориши давомида, пиёдалар ўтиш йўлакчасидан ўтаётган Ж.Ф. ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандларини уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган. Оқибатда 2 нафар вояга етмаганлар олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган.
***
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Маълум қилинишича, 08 июнь куни соат 00:10 ларда Яшнобод тумани Султонали Машҳадий кўчасидаги 216-уй қаршисида 1983 йилда туғилган К.С. Каптива русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, 39 ёшли пиёда Э.Х.ни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган,
***
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида «Damas» йўл четидаги 2 нафар пиёдани уриб кетди. Маълум қилинишича, 10 июнь куни соат 18:10 лар атрофида Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4К-529А автомобиль йўлининг 2-километрида Қўрғонча—Қундузак йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Damas» икки нафар пиёдани уриб юбориб ЙТҲ содир этган. Оқибатда икки нафар пиёда ва транспорт воситаси ичида бўлган бир нафар йўловчи олган тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
***
Тошкент шаҳри Учтепа туманида юк машинаси 3 ёшли боғча бўласини босиб кетди. Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисмига Учтепа тумани Кўкча дарвоза кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ҳақида хабар келиб тушган. Унга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси хусусий боғча қаршисидан ҳаракатланиб кетаётган вақтида 2021 йилда туғилган пиёдани уриб юбориб, ЙТҲ содир этган. Оқибатда 3 ёшли бола олган тан жароҳатлари сабаб вафот этган.
Ўлим… У кутилганидан ҳам яқинроқ
ЙТҲларнинг энг ёмон томони охири ўлим билан тугашидир. Шунчаки сиз бир манзилдан иккинчи манзилга етиб олиш учун йўлга чиқасиз, ўзингизнинг ёки қайсидир чала ҳайдовчининг беэътиборлиги сабабли ЙТҲга учрайсиз. Ва сўнггида кимдир вафот этади… Бу биз кутган нарса эмас, албатта. Биз қуйида бир қатор охири ўлим билан якунланган ЙТҲларни кўриб чиқамиз.
***
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи вафот этди. Билдирилишича, 7 июнь куни соат 13:30 ларда Яшнобод тумани Элбек кўчасида ҳайдовчи 1998 йилда туғилган Б.Т. «Lacetti» русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, руль бошқарувини йўқотган ва йўл четидаги дарахтга бори урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.
***
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Маълум қилинишича, Тўрткўл туманидан ўтувчи 4Р-182 автомобиль йўлида катта тезликда ҳаракатланаётган «Cobalt» машинасининг 31 ёшли ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги пастликка ағдарилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
***
Навоийда бир неча инсоннинг ўлими билан боғлиқ даҳшатли ЙТҲ содир бўлди. Билдирилишича, 9 июнь куни соат 15:00 лар атрофида Нурота туманига кираверишдаги Деҳибаланд қишлоғи ҳудудидан ўтган «Навбаҳор—Нурота» йўлида ЙТҲ содир бўлган. Ушбу йўлда ҳаракатланиб бораётган «Гентра» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда кетаётган «Damas» машинасини қувиб ўтмоқчи бўлган вақтида қарама-қарши томондан келаётган «Onix» билан тўқнашган. Оқибатда «Onix» машинаси салонида бўлган бир оиланинг 5 нафар аъзоси: 36 ёшли эркак, унинг 58 ёшли онаси, турмуш ўртоғи, 2 ёшли ўғли ҳамда 2 ойлик қизи, шунингдек, «Гентра» ҳайдовчиси бўлган эркак вафот этган. Аниқлик киритилишича, ЙТҲ қурбонларининг икки нафари воқеа жойида, 4 нафари эса шифохонада вафот этган.
***
Самарқанд вилоятида «Damas» ва «Cobalt» русумли машиналар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, 13 июнь куни соат 06:30 ларда, Булунғур тумани Олмазор МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1046-км.да ҳайдовчи «Damas» русумли автомобилини «Тошкент-Самарқанд» йўналишида бошқариб кетаётиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган «Cobalt» русумли автомобилни олд томонидан келиб уриб ЙТҲ содир этган. Оқибатда «Damas» ҳайдовчиси шифохонага олиб борилаётган вақтида олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.
***
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида «Malibu-2», «Lacetti» ва «Lada» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Қайд этилишича, 13 июнь куни соат 01:00 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида, 27 ёшли М.А. бошқарувида бўлган «Malibu-2», 32 ёшли А.З. бошқарувидаги «Lacetti» ҳамда 33 ёшли П.Л. бошқарувидаги бўлган «Lada» русумли автомашиналари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. ЙТҲ оқибатида «Malibu-2» автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.
***
Самарқанд вилояти Иштихон туманида тўхтаб турган юк машинасининг ортидан келиб урилган «Nexia-3» русумли транспорт воситаси икки нафар йўловчиси қурбон бўлди. Маълум қилинишича, 15 июнь куни соат 12:10 ларда Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлида «Nexia-3» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси «Самарқанд—Бухоро» йўналишида ҳаракатланаётиб, йўлнинг ўнг томон четки қисмида тўхтаб турган «Исузу» русумли юк машинасининг орқа томонидан келиб урилган. Оқибатда «Nexia-3» русумли автомобиль олд ўриндиғида бўлган йўловчи олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида, орқа ўриндиқда бўлган йўловчи эса туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
***
Қозоғистонда содир бўлган даҳшатли ЙТҲда 51 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Манбага кўра, жорий йилнинг 15 июнь куни соат 06:30 ларда Қозоғистон ҳудудидан ўтган Атирау-Доссор трассасида 3 та автомобиль иштирокида одам ўлими билан боғлиқ йирик ЙТҲ содир бўлган. Атирау вилояти полиция департаменти хабарига кўра, ҳодиса КамАЗ, ПАЗ ва «Nexia-1» автомашиналари иштирокида юз берган. «Ҳодисада «Nexia-1» ҳайдовчиси бўлган 1973 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган», дейилади хабарда.
***
Сирдарё вилояти Сардоба туманида «Nexia-1» русумли транспорт воситаси тўхтаб турган юк машинасига бориб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Билдирилишича, ҳодиса 19 июнь куни соат 05:30 ларда Сардоба тумани Отаюрт МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 931-км.да содир бўлган. Аниқлик киритилишича, 42 ёшли К.А. «Nexia-1» русумли транспорт воситасида Тошкент—Термиз йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида ухлаб қолган ва руль бошқарувини йўқотиб, ўзи билан бир йўналишда йўл четида тўхтаб турган МАН русумли юк машинасининг орқа қисмига бориб урилган. Оқибатда енгил машина ҳайдовчиси А.К. «Оғир қўшма жароҳат, юқори жағ суяги ёпиқ синиши, ўнг тирсак суяги синиши, ўнг сон суяги ёпиқ синиши ва лаб йиртилиши» жароҳати билан Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, бироқ у олган тан жароҳатлари оғирлигидан шифохонада вафот этган.
***
Фарғона вилояти Риштон туман марказида автомашинага ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 1 нафар фуқаро вафот этди. Маълум қилинишича, ҳодиса 27 июнь куни Риштон туман марказидаги деҳқон бозори ҳудудида содир бўлган. «Lacetti» русумли автомашинанинг 52 ёшли ҳайдовчиси транспорт воситасини бозор ҳудудига қўйиб, ўзи савдо қилиш учун ичкарига кириб кетган. Шу вақтда, автомобилга ўрнатилган газ баллони портлаб, ёнғин келиб чиққан. Портлаш оқибатида, шу яқин атрофда бўлган фуқаро А.А. тан жароҳати олиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Хулоса ўрнида…
Июнь ойининг ўзида 22 та инсон ўз ҳаёти билан хайрлашди. Уларнинг орасида бутун оиладан тортиб, 3 ёшли бегуноҳ гўдаккача бор. Шу ўринда барча ҳайдовчилар ва пиёдаларга мурожаат қилмоқчимиз: азиз ҳамюртлар, йўлларда эътиборли бўлинг. Инсоннинг ҳаёти ҳар қандай нарсадан устундир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг