Қўмита нечта қонун ва қарор лойиҳасига масъул эди?

09:09 18 Январь 2022 Жамият
824 0

2022 йил 17 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Аграр соҳасидаги ислоҳотлар самара ва натижалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қўмитанинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ОАВ ходимларига батафсил ва таҳлилий маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, қўмита ўтган даврда қонун ижодкорлиги йўналишида 10 та қонун, 4 қарор лойиҳасига масъул бўлди. Қонун ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда улар якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Шунингдек, сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар, жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, 7 маротаба тегишли вазирлик ва идора раҳбарларининг ахбороти эшитилиб, таклиф ва тавсиялар берилди.

Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Қўмита номига келиб тушган 608 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ечим топилди.

Таъкидланганидек, кейинги пайтларда фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларда қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштиришга доир таклифлар салмоғи ошиб бормоқда. Берилган ушбу таклифлар қўмита аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилмоқда. Бу каби омиллар қонун лойиҳаларининг янада пишиқ-пухта бўлишга хизмат қилмоқда.

Қўмита фаолиятини самарали ташкил этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, қўмита депутатлари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали аграр соҳадаги ислоҳотларни ҳуқуқий тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам кенг жамоатчиликка маълумотлар етказиб борди.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан йўлланган саволларга батафсил жавоблар берилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер