Қоғозбозликдан ақлли тиббиёт сари
Зарбдор туманидаги соғлиқни сақлаш муассасаларини рақамлаштириш, ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-таомилларини қисқартириш, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация дастурларини самарали амалга ошириш ва татбиқ этишга бағишланган амалий семинар ва учрашув бўлиб ўтди.
Унда тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ва тизимни замонавийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги ПҚ-415-сонли «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

— Рақамлаштириш фақат қулайлик эмас, балки қонунийлик ҳам демакдир, яъни «қўлдан-қўлга» ўтадиган қоғозлар ва маълумотлар йўқ – бу дегани манипуляция учун йўллар беркилди дегани, — дейди Зарбдор тумани ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Камолиддин Янгибаев. — Янги тизим бўйича беморнинг касаллик тарихи, таҳлил натижалари ва эмлаш маълумотлари битта электрон базага жамланади, энди бемор навбатда туриб қалин қоғозли дафтарларни кўтариб юриши, узундан-узун навбатларда ҳам туриши шарт эмас.
Шунингдек, давлат ва хусусий дорихоналарда Электрон рецепт» тизимини кенг жорий этиш, ушбу тизим орқали шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда, шифокорлар томонидан ёзиб берилаётган дорилар рўйхатининг тизимга киритилиши, термопиринтерларнинг ишлатилиши, дорихоналарда беморларга врачлар томонидан ёзилган дориларнинг рецепт бўйича берилишидаги муаммолар танқидий муҳокама қилинди ва соғлиқни сақлаш тизимида маиший коррупциянинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг