Қишлоқ мактаби қўшма лойиҳа асосида жиҳозланди
Бухоро вилояти Вобкент тумани Найман маҳалласи ҳудудида жойлашган 28-умумтаълим мактабида замонавий компьютерлар, интерфаол доска, шунингдек, маҳаллий тармоқ учун ишлатиладиган LAN яъни Wi-Fi адаптер ускуналарига анчадан буён эҳтиёж бор эди. Эндиликда бу масала кун тартибидан тушди.
Яқинда мазкур таълим даргоҳига ушбу жиҳозлар топширилди. Бу хайрли тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” деб номланган қўшма лойиҳа доирасида амалга оширилди. Ислом тараққиёт банки ва ОПEК Халқаро тараққиёт фонди маблағлари эвазига келтирилган бу жиҳозлар шубҳасиз, ўқув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мактаб директори Роҳила Отаеванинг билдиришича, рақамли смарт доска муаллимларга зарур ахборотларни ўз ўқувчиларига янада қизиқарли қилиб етказиш имкониятини яратади. Ўз навбатида интернетга уланган замонавий компьютерлар воситасида ўқувчи-ёшлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган таълим ресурсларидан тўлақонли фойдаланишлари мумкин бўлади.
Маълумотларга қараганда республика бўйича саралаб олинган тўртта мактаб ушбу лойиҳа доирасида жиҳозланди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг