Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади

15:55 09 Август 2020 Сиёсат
1032 0

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли даромадларини оширишда аграр соҳа вакилларининг алоҳида ўрни бор. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июлда қабул қилинган қарори соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга чиқаришга хизмат қилади.

Агар эътибор қиладиган бўлсак, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш қуйидаги учта мақсадга ҳар жиҳатдан боғлиқлигини кўриш мумкин. Аграр соҳада илм-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, таълим жараёнига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш, ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билимли кадрлар тайёрлаш.

Хабаримиз бор жорий йилги ўқув йилидан аграр таълимнинг бакалавриат йўналишида кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланди.

Эндиликда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратурада ўқиш муддатини 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи талабалар учун эса 2 йилни ташкил қилади. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимлар тавсиянома асосида ўқишга юборилса, сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгиланди. Тўлов-контракт миқдори кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилди.

Шу билан бирга, тажриба-синов тариқасида Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат таълим йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш таклифи маъқулланган. Бу хориждан талабаларни кўпроқ жалб қилишга рағбатлантиради.

Алоҳида касблар бўйича ҳам бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жуда кўплаб касблар бўйича талаб мавжудлигини инобатга олганда бу мутахассис кадрлар тақчиллигини камайтиришга асқотади.

Шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш имконияти яратилмоқда. Эндиликда қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини аграр соҳа олий таълим муассасалари хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларни «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда «Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш» жамғармаси маблағлари ҳисобига хорижий давлатларнинг етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мақсадли стажировка ўташга юбориш амалиёти йўлга қўйилиши ҳам соҳага замонавий билимли кадрларни жалб этишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер