Қашқадарёдаги олий ўқув юртида 40га яқин дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган
Ижтимоий тармоқда Қарши давлат университетда кўплаб дарахтларнинг кесилганлиги тўғрисидаги мурожаат юзасидан 2022 йил 13-15 январь кунлари Давлат экология қўмитасининг давлат инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганишлар давомида Қарши давлат университети томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилинганлиги, ўз навбатида Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур мурожаатларга рад жавоби берилганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганлигига қарамасдан жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинди. Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 543 000 сўм миқдорида ҳисобланди. Ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Олдинроқ, бир туп дарахт кесган фермер салкам 6 миллион сўм жаримага тортилган эди. Шунингдек, Нукусда номаълум шахслар 300 дан ортиқ дарахт шохларини кесиб ташлагани ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг