Қашқадарёда совиткичли омборхоналарга эҳтиёж ошиб бормоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Пишиқчилик мавсумида йиғиб олинган сархил мева ва сабзавотларни узоқ вақт давомида сифатли сақлаш қиш ва баҳор фаслларида бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблигини таъминлаш, қолаверса, ички истеъмолдан ортган маҳсулотни экспортга йўналтириш қамровини оширишда устувор аҳамиятга эга.
Биргина Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда воҳада йилига 650 минг тоннадан ошиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Вилоятдаги мавжуд совиткичли омборхоналар сиғими эса уларнинг 15 фоизинигина узоқ вақт сақлаш имконини беради. Демак, ҳудудда йирик сиғимли совиткичли омборлар қуриб ишга тушириш тадбиркорлар учун жозибадор ва истиқболли йўналиш бўлиб қолмоқда.
Қарши туманидаги “Отабекович” масъулияти чекланган жамияти ҳам шу вақтга қадар меҳмонхона хизматлари кўрсатиш ҳамда иссиқхона хўжалиги соҳасида лойиҳаларни рўёбга чиқарган эди. Яқинда эса жамият тасарруфида замонавий совиткичли омборхона ҳам ишга туширилди. Чет эл технологиялари асосида жиҳозланган ушбу омборхона 1000 тонна маҳсулотни узоқ вақт давомида сифатли сақлаш имконини беради.
— Совиткични яқинда ишга туширган бўлсакда, ҳудуддаги тадбиркорлардан ўз маҳсулотларини сақлаб бериш бўйича кўплаб таклифлар кела бошлади, — дейди жамият раиси Жаҳонгир Мардонов. — Айни вақтда ҳудуддаги ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сут, кондитер маҳсулотларини қисқа муддатли сақлаш бўйича шартнома асосида жойлаштирдик. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи субъектлар билан мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича шартномалар тузиб, маҳсулотни жойлаштиришни бошладик. Эътиборимизни тортган томони, ҳудудда бу хизмат турига талаб ниҳоятда кўплиги бўлди. Бу эса бизни келгусида яна шундай сиғимларни барпо этишга ундамоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг