Қашқадарёда сайловчиларнинг 8,2 фоизи муддатидан аввал овоз беришди

10:14 25 Октябр 2024 Жамият
275 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳудудий сайлов комиссияси раиси Ўрал Останов вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини юқори савияда ўтказиш бўйича кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида кенг маълумот берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 майдаги қарори билан Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссияси таркиби тасдиқланган.

Шундан сўнг 16 та шаҳар (туман) сайлов комиссияси, вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи 400 та сайлов округлари ҳамда1038 та сайлов участкаси тузилди. Уларнинг барчаси белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ҳамда номзодлар ҳақидаги маълумотлар, кўргазмали воситалар билан тўлиқ таъминланди.

Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан 16-23 октябрь кунлари сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди.

— Шунга кўра, Қашқадарёда ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни қизғин тус олди, — дейди Ўрал Останов. — Хусусан, яқинлашаётган сайловларда вилоятимиздан 1 миллион 872 минг 564 нафар сайловчи овоз беришда иштирок этиши кутилаётган эди. Уларнинг 153 365 нафари (8,2 фоизи) муддатидан олдин овоз беришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер