Қашқадарёда кўп қаватли турур жой биноси ва меҳмонхона ноқонуний қурилаётгани маълум бўлди
Қурилиш вазирлиги томонидан Қашқадарё вилоятидаги қурилиш объектларида аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича маълумот берилди.
Унга кўра, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри «Шуртан» МФЙ ҳудудидаги «1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж» хусусий корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси ўрганилганда қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш талабларига асосан объектда мажбурий юритилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари юритилмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари бинода ишлатилган монолит темир бетон конструкцияларининг лойиҳавий мустаҳкамлигига мос келиши бўйича лаборатория синов хулосалари олинмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари яъни шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаганлиги ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошланганлик ҳолати аниқланган.
Ушбу аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга топширилган.
Шунингдек, аниқланишича худди шундай Қарши шаҳрининг И.Каримов ҳамда «Тупхона» кўчалари чорраҳасида «Улкан иншоот қурилиш сервис» МЧЖ томонидан қурилаётган «Меҳмонхона» биносида ўрганиш олиб борилганда қурилаётган бинода ҳам камчиликлар аниқланган.

Объект қурилиши учун тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ижобий йиғма экспертиза хулосаси олинмаганлиги, объектни лойиҳалаштириш учун ишлаб чиқилган бош режа ҳамда фасад кўринишларига архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг баённомаси олинмаган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талабларига ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошланган.
Ўз навбатида қурилаётган объектда ишлатилаётган қурилиш материалларининг сифат ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, темир бетон конструкцияларида ишлатилган бетон қоришмаларининг лойиҳавий мустаҳкамлигига мослиги бўйича лаборатория синов хулосалари олинмаганлиги аниқланган.
Мазкур аниқланган камчиликлар ҳудудий инспекция томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг