Қашқадарёда гулкарам ярим тайёр маҳсулотга айлантирилиб, экспортга чиқарилмоқда

11:19 20 Февраль 2021 Иқтисодиёт
2355 0

Қарши шаҳридаги «Дармон фарм» хусусий корхонасининг Яккабоғ туманидаги Италиядан келтирилган замонавий технологиялар асосида жиҳозланган ишлаб чиқариш корхонасида гулкарам ярим тайёр маҳсулотга айлантирилиб, асосан Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда.

— Бу маҳсулотга хорижда эҳтиёж жуда юқори, — дейди «Дармон-фарм» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анзур Нормуродов. — Аммо гулкарамни асл ҳолида экспорт қилишнинг имконияти йўқ, чунки у тез айнийдиган маҳсулот. Шунинг учун биз уни махсус технология ёрдамида ярим тайёр маҳсулотга айлантирамиз. Яъни юқори ҳароратли сувда чайиб, буғ қозонида димлаб, кейин холодильникда белгиланган меъёрда совутамиз. Бу эса хорижлик ҳамкорларимизга ярим тайёр маҳсулотни чакана бозорга чиқариш учун қулайлик яратади. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, хорижлик ҳамкорларимиз томонидан юборилган вакил маҳсулотни тайёрлаш жараёнларида бевосита иштирок этишмоқда.

2020 йилда 1 миллион 250 минг евро эвазига Италиядан мева-сабзавотдан 4 ёшгача бўлган болалар учун табиий бўтқа тайёрлашга мўлжалланган замонавий технология олиб келиб, ишга туширилган эди. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган 3 хилдаги болалар учун мўлжалланган бўтқа 90 граммли идишларда «Дармон фарм» ёрлиғи билан ички бозорга чиқариляпти ҳамда хорижга экспорт қилинмоқда.

Корхонада 200 нафарга яқин маҳаллий ёшлар иш билан банд этилган.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер