Қашқадарёда бир қатор тадбиркорларга Жиноят кодексининг 169-моддаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди
Қашқадарё вилоятида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда қатор қонунбузарликлар фош этилди.
Хусусан, Ғузор туманидаги «Э.Б.» фермер хўжалиги раҳбари И.Д. дала майдонидаги сув насосини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаган. Натижада, давлат ҳисобидан 149,7 миллион сўмлик электр энергияси ноқонуний ишлатилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Қарши туманида «Й.М.» МЧЖ раҳбари М.А. ғишт ишлаб чиқариш биносида электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатган ҳолда 115,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Бундан ташқари, Қарши шаҳри, Қамаши ва Қарши туманларида ҳам шунга ўхшаш қонунбузарликлар қайд этилди. «А.Ф.» хусусий корхонаси раҳбари У.М., «Ў.Й.» МЧЖ раҳбари М.Т. ҳамда “Т.Ҳ.” фермер хўжалиги раҳбари Н.Т. ўзларига тегишли ишлаб чиқариш бинолари ва дала майдонларида электр тармоқларига рухсатсиз уланиб, жами 257 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишган.
Барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўрилиши таъминланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг