Қашқадарёда 4,5 минг дона қўлбола алкоголнинг савдога чиқиши тўхтатиб қолинди

17:01 05 Март 2026 Жамият
464 0

Қашқадарё вилоятида қонунга хилоф равишда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Аниқланишича, фуқаро М.Х. «Дамас» русумли автотранспорт воситасида 720 дона қўлбола алкоголь маҳсулотини фуқаро Ў.Ш.нинг «Хўжагузар» МФЙ ҳудудидаги нотурар биносига олиб келган вақтида ушланиб, давом этган тадбирда ушбу фуқаронинг нотурар биносидан сотиш учун сақлаб қўйилган умумий баҳоси 65,3 млн сўмлик 18 турдаги жами 2 145 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳри бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам фош қилинган.

Унга кўра, «В.М.» МЧЖ раҳбари М.З. «Янги Кеш деҳқон бозори» ҳудудидаги савдо дўконида умумий баҳоси 66 млн сўмлик 8 турдаги 2 730 дона акциз маркасиз тамаки ва 12 турдаги 312 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Касби тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Т.Қ. ва М.Х. «Денов» МФЙ ҳудудига 720 дона қалбаки акциз маркали ва истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотиш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Деҳқонобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Б.О.» МЧЖ раҳбари Б.А. Қамаши тумани «Қизилтепа» МФЙ ҳудудида харидорга 600 дона қалбаки акциз маркали ва истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини 12 млн сўмга сотган вақтида тезкор тадбир ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер