Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган иккита қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича битимлар имзоланди
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай ислоҳотларни амалга оширишда, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда, Хитой Халқ Республикасининг етакчи компаниялари билан музокаралар олиб борилди ва дастлабки келишувларга эришилди.
Мамлакатимиз энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида 2023 йил 27 апрель куни Хитой Халқ Республикасининг «Energy China Overseas Investment Division China Gezhouba Group Overseas Investment Co.,Ltd.» компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳар бирининг қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича битимлар имзоланди.
Хорижий ҳамкорлар билан муҳокамалар учрашуви ва битим имзолаш маросимида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С.Артиков ва Акциядорлик жамиятининг масъул ходимлари иштирок этди.
Қўшимча 2,3 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини берувчи ушбу икки йирик лойиҳа йилига 588 млн куб метр табиий газ сарфини қисқартириш имконини беради. Натижада ёқилғи ресурсларини тежашга ҳамда атмосферага зарарли чиқиндиларни чиқишини камайтиришга эришилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг