“Қарши мебель” корхонасига замонавий дастгоҳлар ўрнатилди

18:54 11 Декабрь 2023 Жамият
451 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Қарши мебель” корхонаси Қашқадарё вилоятидаги энг йирик ва кўп йиллик тажрибага эга мебель ишлаб чиқарувчи субъектлардан бири ҳисобланади.

Жамият раҳбари Саломат Комилованинг саъй-ҳаракатлари эвазига сўнгги йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти бир неча маротаба ортди, янги иш ўринлари яратилди. Бироқ ишни янада ривожлантириш учун электр энергияси, йўл, жой торлиги билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ҳал этишга тўғри келаётган эди.

Жорий йилда корхонанинг “Қавали” кичик саноат зонасидан жой олиб, ўзининг янги ишлаб чиқариш тармоғини барпо этиши асносида бу муаммолар барҳам топди.

— Кичик саноат зонасидан 12 сотих майдонда умумий қиймати 8,5 миллиард сўм бўлган янги лойиҳани амалга оширдик, — дейди Саломат Комилова. — Корхонамиз, деярли янгидан туғилди, десак ҳам бўлади. Боиси янги ишлаб чиқариш майдони билан биргаликда Германия, Туркия ва Хитой давлатларининг замонавий технологияларини келтириб ўрнатдик. Ушбу технология тўлиқ компьютерлашган тизимда ишлайди ва у ёғочга шакл бериш, турли дизайнларни яратишда ўта аниқликка эга. Бу эса ҳар томонлама рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришимизда муҳим.

Фаолиятдаги қулайлик ва замонавий технологиялар иш самарадорлиги ошишида ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда корхонада замонавий технологиялар воситасида 130 дан ошиқ турдаги юмшоқ ва қаттиқ мебель маҳсулотларини тайёрланмоқда. Бу фаолият ортидан эса 60 дан ортиқ кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер