Қашқадарёда ҳайдовчилар учун антиқа рейд ўтказилди
Фото: "Халқ сўзи"
Қарши шаҳри йўлларида ЙПХ ходимлари автомобилларга тўхташ ишорасини қилиб, йўл четини кўрсатганда аксарият ҳайдовчилар шошиб қолишди. Ҳаракатланишда хатога йўл қўймаган бўлсалар, тезликни ҳам оширмаганлар, у ҳолда нега тўхтатилмоқда? Аммо уларга ЙПХ ходими “чест” бериб, “Ҳурматли ҳайдовчи, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасдиқланган кун муборак бўлсин! Оқ йўл тилаймиз!” дея табассум билан байроқча узатганида, барча ҳайдовчи кўксида чексиз бир ифтихор ҳиссини туйгани аниқ.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими ва вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу тадбирда йўл ҳаракати иштирокчиларига шу тариқа байрамона совға улашилди.
– Шу куни биз ўнлаб ҳайдовчилар юзидаги қувончни кўриб, дилимиз яйраб кетди, - дейди Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Ҳатто байроқчани олиб, кўзлари ёшланган ҳайдовчиларни ҳам кўрдим. Албатта, бу қувонч ёшлари эди. Назаримда, биз ўтказган бу антиқа рейдни одамларимиз узоқ вақтгача унутмасалар керак.
Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг