Қандай масалалар ижобий ечим топди?
Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ташкил этилаётган брифингларда қўмиталарнинг 2023 йилдаги фаолияти ҳақида ахборот берилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
Қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси брифингида маълум қилинганидек, ҳисобот даврида қўмита аграр ва сув хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини тараққий эттириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер ислоҳотларини олиб бориш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган.
Ўтган даврда қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 11 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлган. Шунингдек, тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган 3 та яхлит қонун устида иш олиб борган.
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишида қўмита ишчи гуруҳлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳисобот даврида қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича жами 54 та йиғилиш ўтказилган.
Шунингдек, қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда улар якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишга алоҳида эътибор қаратилган.
2023 йилда сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишга ҳам жиддий ёндашилган.
Бундан ташқари, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг жойлардаги ижро этилиши ҳолати Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўрганилган.
Брифингда ортда қолган йил қўмита учун самарали ва натижаларга бой бўлгани таъкидланди. Хусусан, қўмита ташаббуси билан сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси ходимларига маҳаллий бюджетдан тўлаб келинаётган ойлик маошлари 2024 йилдан бошлаб Республика бюджетидан тўланадиган бўлди. Бу орқали Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси ходимларининг ойлик маошлари сезиларли оширилиши ва уларнинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ таъминланишига эришилган.
Шу билан бирга, ўтган даврда қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 9 та депутат сўрови юборилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилгани, қўмита номига келиб тушган 300 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳолда, уларнинг салмоқли қисми ижобий ечим топган.
Ҳисобот даврида қўмита фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 1 556 маротаба ёритилган.
Брифингда қўмитанинг келгусидаги фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг