Қалбларни очган қардошлик

16:55 10 Апрель 2026 Жамият
398 0

Қадимдан бир дарёдан сув ичган, урф-одатлари, бозори-ю мозори бир бўлган ўзбек ва тожик халқлари азалий қардош эллардир. Бу икки халқнинг ўйи ҳам, тўйи ҳам бир, дастурхони, оши, ҳатто ҳовлисигача ўхшаш. Қардошлар ўртасига бир пайтлар тушган совуқчилик сабаб чегаралар ёпилиб, қариндошлар бир-бирини кўра олмаган оғир даврларни ҳам кўрдик. Бугун эса вазият мутлақо ўзгарди. Чегаралар очилди, борди-келди тикланди, қуда-андачилик қайта жонланди. Энг муҳими, оддий инсонлар қалбидаги соғинч ўрнини яна меҳр ва ишонч эгаллади.

Ана шундай илиқ муҳитда икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида амалий қадамлар ташланмоқда. Айниқса, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Тожикистон Республикаси Суғд вилояти «Нури ниёгон» шашмақом ансамбли раҳбари Шуҳратжон Набиевнинг Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани, шунингдек, Ўзбекистондаги тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳанованинг Тожикистон Республикасининг «Дўстлик» орденига сазовор бўлгани икки халқ ўртасидаги самимий муносабат ва юксак эътирофнинг амалий ифодасидир.

Меҳр ва ишончга қурилган дўстлик

Гуландом СУБҲОНОВА,

Республика тожик миллий маданий маркази раиси, Тожикистон Республикасининг «Дўстлик» ордени соҳиби:

— Ўзбек ва тожик яқин қўшнигина эмас, қон-қардош, қалбан яқин эллармиз. Бир-биримизнинг тилимизни тушуниб, дилимизни ҳис қилиб яшаймиз. Шу боис, бу дўстлик оддий муносабатдан юксак, аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас қадрият. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга қараб, қалбим шукроналикка тўлади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бир оила бўлиб, аҳил-иноқ яшаяпти. Шу юртда тожик миллати ҳам дориломон ҳаёт кечиряпти, фарзандларимиз билим оляпти, орзу-мақсадлари сари ишонч билан интиляпти.

Яқинда пойтахтимизнинг гўзал масканларидан бирида Тожикистоннинг Тошкент шаҳридаги янги элчихона биносининг очилиш маросимида иштирок этдим. Бу бинода тожикона нафосат, миллий руҳ жуда чиройли акс этган. Уни фақат расмий идора, дипломатлар маркази деб эмас, балки Ўзбекистонда яшаётган тожиклар учун Ватаннинг бир бўлаги, деб ҳис қилдим. Шу қутлуғ масканда икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон билан учрашиб, юртимизда яратилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилигимни билдирдим.

Бугун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қилиб турибмиз. Давлатимиз раҳбарининг «қўшнилар билан ҳамкорликда ривожланиш» деган эзгу ғояси бугун ўз самарасини беряпти. 2018 йилдаги тарихий ташрифдан сўнг, халқларимиз қалби янада яқинлашди. Ўша пайтларда буни «аср орзуси» деб аташгани бежиз эмас эди. Чиндан ҳам айни пайтда қардошлик ришталари мустаҳкам. Муҳтарам Президентларнинг тарихий учрашувларида азим кентимиз Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига Душанбе номи берилиши икки қавму қардош халқларимиз ўртасидаги самимий ҳурмат, ишонч ва абадий дўстликнинг ёрқин рамзи сифатида қалбларимиздан жой олди.

Барча соҳалар қатори иқтисодиётда, маданиятда, илм-фанда алоқаларимиз кенгаймоқда. Бизнинг марказимизда амалга оширилаётган «Сўз ифора» лойиҳаси орқали икки халқ ижодкорларининг асарлари чоп этилиб, китобхонларга етказилмоқда. Бу ҳам қалбларни яқинлаштирувчи кўприклардан бири.

Тарихга назар ташласак, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий дўстлиги, кейинги даврларда Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Зулфия ва Миршакар, Шерали Лойиқ билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби улуғ ижодкорлар ўртасидаги самимий алоқалар бугунги дўстлигимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилган.

Шу кунлардаги қувончим яна бир неча баробар ошди. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланганим мен учун катта шараф. Мукофотни фақат шахсий ютуқ деб эмас, балки Ўзбекистонда яшаётган барча тожиклар, бутун қардош халқимизнинг эътирофи, деб қабул қиламан.

Мана шундай фараҳбахш кунларни кўриб она сифатида, аёл сифатида қалбимдан икки юрт ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин, фарзандларимиз тинчликда, аҳилликда яшасин, деган эзгу туйғулар кечди. Қалблар яқинлиги ҳеч қачон узилмасин. Шу эзгу йўлда биз ҳам бор меҳримиз, бор кучимиз билан хизмат қилаверамиз.

Оҳангларида янграган дўстлик садоси

Шуҳратжон НАБИЕВ,

Тожикистон Республикаси Суғд вилояти «Нури ниёгон» шашмақом ансамбли раҳбари, Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени соҳиби:

«Аз қадим ўзбегу тожик – эт билан тирноқ эрур,

Қон-қариндошлик шиораш қўлида байроқ эрур.»

Тожикистонлик нуктадон шоир Ўлмас Жамол бу мисраларда икки халқнинг азалий яқинлигини жуда теран ифода этган. Эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, ўзбек ва тожик халқларимиз ҳам бир-бирига саодатманд даврларда ҳам, синовли кунларида ҳам елкадош бўлиб яшаб келган. Бу қон-қонимизга сингиб кетган азалий ҳақиқат узоқ ўтмишимиздан, то бугунги кунимизгача ҳам яққол сезилиб туради.

Аввало, сўзим бошида самимий миннатдорчилигимни мамлакатимиз раҳбари Эмомали Раҳмон жанобларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга изҳор этаман. Камтарона меҳнатларимга эътибор қаратиб, биродар халқ Ўзбекистон етакчиси томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланишим мен учун юксак шараф ва катта ишончдир. Мукофотни қалбимга яқин олиб, уни халқларимиз ўртасидаги дўстликка берилган юксак баҳо, деб қабул қилдим.

Санъатда эъзозланган мендек бир ижодкор учун тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик абадий қадриятдир. Шашмақом санъати — икки халқнинг муштарак руҳи, муштарак дарди ва муштарак қувончи. Унинг оҳанги бир, руҳи бир. Фақат гўзал ғазаллар тили гоҳ тожикча, гоҳ ўзбекча жаранглайди, холос. Аслида эса бу мусиқа битта юракнинг уришидир.

Азалдан халқларимиз бир юрак, бир тан бўлиб яшаб келган. Бу илиқ муносабатлар, самимий борди-келдилар янада мустаҳкамлашаётгани, келажак авлодларга ҳам ибрат бўлиб қолишига ишонаман. Дўстлик кўприклари янада кенгайсин, қалблар яқинлиги абадий бўлсин, дея дилдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Икки қардош муҳтарам давлат раҳбарларига чуқур ҳурматимни билдираман. Халқларимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларида улкан зафарлар тилайман. Мукофот мени янада кўпроқ хизмат қилишга, санъат орқали дўстликни тарғиб этишга чорловчи юксак ишонч ва масъулият тимсоли бўлиб қолади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ

(«Халқ сўзи») тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер