Қалб қўри, кўз нури, қўл сеҳри

19:54 23 Май 2022 Жамият
1294 0

Фото: Халқ сўзи

Бухорода халқаро зардўзлик, заргарлик ва

каштачилик фестивали давом этмоқда.

Халқ амалий санъати миллий қадриятларимизнинг ажралмас бир қисми саналади. Кейинги йилларда уни асраб-авайлаш, ҳунармандчиликнинг унутилган турларини қайта тиклаш, «Устоз — шогирд» анъаналарини давом эттириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан ҳунармандчиликка қаратилган эътибор, берилган имтиёзлар, ажратилаётган кредитлар ва беғараз субсидиялар туфайли соҳа равнақ топмоқда. Бухоро шаҳрида ўтаётган зардўзлик, заргарлик ва каштачилик фестивали қатнашчилари бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиляпти. Эътиборлиси, ҳунармандчилик ривожи йўлида бажарилган кенг қамровли ишлар дунё эътирофига сазовор бўлмоқда. Тадбирга дунёнинг 58 давлатидан вакиллар ташриф буюргани ҳам бежиз эмас.

«Ҳар лаҳза эсда қоларли кечмоқда»

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорига мувофиқ ўтказилаётган нуфузли фестиваль қатнашчиларнинг Арк қўрғонидан Нодир Девонбеги мадрасасигача бўлган 1,2 километр масофада тантанали юришлари билан бошланди.

Халқ амалий санъатининг энг яхши анъаналарини ривожлантириш, зардўзлик ва заргарликнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш каби олижаноб мақсадлар кўзда тутилган мазкур тадбирда хориждан 112 нафар, республикамиз барча ҳудудидан 288 уста, шунингдек, кўплаб санъатшунослар, тарихчи, дизайнер ва экспертлар иштирок этмоқда.

Шундай мутахассислардан бири, Россиядаги Шарқ давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Екатерина Ермакованинг фикрича, ХVI асрнинг иккинчи ярмида Бухорода иқтисодий-ижтимоий жабҳада рўй берган ўзгаришлар минтақада заргарлик санъатининг шаклланиш жараёнида муҳим роль ўйнади. Буни биргина Тоқи Заргарон иншооти мисолида ҳам билса бўлади. Мазкур тарихий бинода кўплаб заргарлар фаолият кўрсатган, ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар савдоси билан шуғулланган. Шарқ давлат музейида ҳозир Ўрта Осиё халқ амалий санъатига оид бой коллекция мавжуд.

Эътиборлиси, фестиваль хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

— Индонезиядан келдим, — дейди ўзини Веби Журмавати деб таништирган меҳмон. — Юртингизда илк бор бўлишим. Ислом оламида беназир зот саналган Имом Ал-Бухорий таваллуд топган Бухорони зиёрат этиш кўп йиллик орзум эди. Ниятимга етганимдан хурсандман. Ушбу байрамона фестиваль, кўтаринки руҳ, одамлар чеҳрасидаги табассум, халқингизнинг меҳмондўстлиги мени Бухорога ипсиз боғлаб қўйди. Халқ амалий санъати усталарига тасанно айтаман. Бу ерда ўтказаётган кунларимнинг ҳар бир лаҳзаси мен учун эсда қоларли кечмоқда.

Анъананинг муносиб ворислари бор

Маълумотларга қараганда, ҳозир республикамизда миллий ҳунармандчиликнинг 34 йўналишида 22 515 нафар уста фаолият кўрсатмоқда. Улар шогирдлари сони 116 минг нафардан ошади.

— Ҳунарлар орасида зардўзлик алоҳида ажралиб туради, — дейди республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев. — Ўзига хос ноёб тикилиш технологияси, нақш элементлари ва мураккаб композициялари, яратилиш жараёнлари ушбу йўналишда ишлаб чиқарилган ижодий асарлар оригиналлигини таъминлайди. Бугунги кунда 151 нафар зардўз уюшмамизга аъзо. Шуларнинг 73 нафари Бухоро, 26 нафари Самарқанд ва 52 нафари бошқа вилоятлар ҳиссасига тўғри келади. Бухоро ва Самарқанд азалдан зардўзлик ҳунарининг маркази саналади.

— Давлатимиз бизга шундай қулайликлар яратиб, имтиёзлар бериб турган экан, ҳунармандчиликни янада ривожлантиришни ўз бурчимиз деб биламиз, — дейди моҳир зардўз Муқаддас Жумаева. — Зардўзликнинг ўттиздан зиёд услубини ўзлаштирганмиз. Мавзу излаб овора бўлмаймиз. Қадимий Бухоронинг ҳар бир осори атиқаси биз учун тайёр мавзу. Шогирдларингиз, дейсизми? Ҳозирга қадар қўлимизда 600 нафардан зиёд қиз зардўзлик ва патдўзликни ўрганди. Демак, анъаналаримизнинг муносиб издошлари бор. Билсангиз, ҳунар машаққат чектиради, аммо унинг ортидан топилган нон лаззатли.

Дарҳақиқат, инсон қалб қўри, кўз нури билан яратилган халқ амалий санъати асарларининг қадру қиммати ўзгача бўлади. Буни Анқара (Туркия) етуклик институти директори Илкнур Кошбийикнинг сўзларидан ҳам билиш мумкин.

— Худди Бухорода бўлгани каби бизда ҳам қадимдан зардўзлик алоҳида қадрланади, — дейди у. — Юртингизда шундай анжуманнинг ўтказилишини эшитиб, бажонидил ташриф буюрдик. Тадбирда беш нафар турк ҳунарманди ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётир. Фестиваль биз учун ўзаро тажриба алмашиш нуқтаи назаридан ҳам фойдалидир.

Заргарона меҳнат маҳсули

Заргарлик санъати ҳам муҳим тармоқ ҳисобланади. Заргарларни «Ҳунарманд» ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмалари ўз атрофида бирлаштирган. 707 нафар заргар уюшма аъзоси саналади. Алишер Ҳайдаров ана шуларнинг бири. У «Ташаббус – 2009» кўрик-танлови ғолибидир. Одатда, у кўп вақтини ижодий сафарларда, хорижий кўргазмаларда ўтказади. Бу гал иш режасини ўзгартирди. Қадрдон устахонасида қолди.

— Шаҳримизда шундай нуфузли тадбир ўтказилаётгани биз, заргарларга кўрсатилаётган эътибор намунаси, албатта, — дейди уста. — Кўплаб хорижий давлатларда бўлган ҳунарманд сифатида яхши биламан: юртимиз заргарлик санъатига қизиқиш бениҳоя катта. Мен шундан келиб чиқиб, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё заргарлик санъатининг унутилаёзган усулларини ҳам қайта тиклаш саъй-ҳаракатидаман. Фестивалда бир туркум маҳсулотларим билан қатнашяпман. Харидорлар бажонидил харид қилишмоқда.

Зардўзлигу заргарлик, каштадўзликнинг ўзаро туташ нуқталари кўп. Барчаси кишидан сабру тоқат, қунт, иштиёқ, нозик дид, ижодий ёндашув, чуқур билимни талаб қилади. Матога тушган зар ипли нақшлар ёки тилла суви югуртирилган тақинчоқлар гўзаллик тимсолига айланиб, ҳаётга бўлган меҳру муҳаббатни оширади. Халқимиз олтинда қуёшнинг битмас-туганмас қудратини, кумушда ойнинг гўзаллигини, марварид, ёқут, зумрад каби тошларда сеҳр кучини ҳис этган. Табиат юртимиздан бу маъданларни дариғ тутмаган.

— Ана шунга минг карра шукр айтасан киши, — дейди шаҳрисабзлик уста Нодир Маннонов. — Биз ана шундай қимматбаҳо тош ва металларни қайта ишлаб, уларга сайқал бериб бежирим тақинчоқлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Ишни кластер усулида ташкил этганмиз. Нафақат заргарлик, балки ҳунармандчиликнинг ўндан зиёд тури билан шуғулланиб, ҳозирга қадар 45 кишини иш билан банд қилишга эришдик. Ушбу халқаро фестивалга чет эллик ҳунармандларнинг ҳам келишгани мен учун айни муддао. Улар билан ўзаро тажриба алмашиш ниятидаман. Бу янги ғоялар, йўналишлар учун туртки вазифасини ўтайди, албатта.

Ривожлантириш истиқболлари белгиланди

Фестиваль дастури доирасида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик, каштадўзлик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев, Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши президенти Саад-ал Каддуми ва бошқалар юртимиз халқ амалий санъатининг тарихи, бугунги кундаги равнақи, халқаро ҳамкорлик алоқалари хусусида атрофлича сўз юритди.

— «Марказий Осиё мамлакатлари лидер аёллари мулоқоти» платформаси доирасидаги мулоқотлар жараёнида Ўзбекистоннинг Каштадўзлик санъати халқаро фестивалини ташкил қилиш ташаббуси Марказий Осиё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган эди, — деди Б.Сайфуллаев. — Бу анжуман зардўзлик ва заргарлик фестивали билан уйғун тарзда ўтяпти. Унда 30 нафар хорижий, 60 нафар маҳаллий каштадўз иштирок этмоқда.

Таъкидланганидек, зардўзлик ва заргарлик қаторида каштадўзлик билан банд аҳоли ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ҳозир 423 нафар каштадўз «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси саналади. Бу ҳунар аёлларга кўплаб қулайликлар яратади. Биз уй шароитида ишлаш имконини ҳам назарда тутяпмиз. Конференцияда сўз олган Олий Мажлис Сенати бўлим мудири, Ўзбекистон Миллий университети тадқиқотчиси Нодира Шотурсунованинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда мамлакатимизда уста ҳунармандлар сони етти, шогирдлар сони эса тўққиз бараварга кўпайган. Бинобарин, халқ амалий санъатининг гендер масаласини, бандлик муаммосини ҳал этишдаги ўрни жуда катта.

Фестивалда Марказий Осиё декоратив-амалий санъати мустақил тадқиқотчиси, «Дунё музейларида Ўзбекистоннинг маданий мероси» лойиҳаси таржимони Адам Албион (АҚШ), дизайнер Асиф Шайх (Ҳиндистон), «Хавар» (Миср) сиёсий ва ахборот тадқиқотлари маркази директори Муҳаммад Таҳир Хасан, Малайзия амалий санъатни ривожлантириш корпорацияси бош директори Андида Иброҳим ва бошқалар ҳунармандчилик тарихи, асрий анъаналар, халқ амалий санъатини умумжаҳон мероси сифатида асраб-авайлаш каби қатор мавзуларда маърузалар қилди. Пировардида соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

«Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилди

Бундан бир неча ой муқаддам Бухоро шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши президенти Саад-ал Каддуми бошчилигидаги халқаро ўрганиш ҳайъати аъзолари ташриф буюриб, бу кўҳна заминда умргузаронлик қилаётган халқ амалий санъати усталари фаолияти билан яқиндан танишган эди.

Ўшанда Саад-ал Каддуми журналистлар билан мулоқотда «Ҳозир дунёнинг 30 та шаҳри «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» рўйхатига киритилган. Бу рўйхат Бухоро шаҳри ҳисобига кенгаяди, деган умиддаман. Негаки, шаҳрингиз бу мақомга муносиб», дея таъкидлаган эди.

Бухорога «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақомини бериш юзасидан ўрганиш ишлари хайрли ниҳоя топди. Кўҳна кентда давом этаётган халқаро зардўзлик, заргарлик ва каштачилик фестивалида Бухорога «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжумани чоғида Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев маълум қилди.

Марказий Осиёда ягона

Бухорода бўлиб ўтаётган халқаро зардўзлик, заргарлик ва каштадўзлик фестивали дастури доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Фестиваль доирасида шаҳарда зардўзлик маркази ва галереяси музейини ўзида мужассам этган мажмуа очилди. Марказий Осиёда ягона саналган бу ўзига хос зардўзлик мажмуаси тантанали очилиш маросимида халқаро фестиваль иштирокчилари бўлган Туркия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон сингари қатор давлатлар вакиллари иштирок этди.

— Халқаро фестивалга тайёргарлик кўрарканман, беихтиёр ёшлигим, ҳали қизалоқлик давридаёқ корчўп олдида туриб, қўлимга нина тутган дамларим келди, — дейди лойиҳа ташаббускори, зардўзларнинг бешинчи авлоди саналган Маҳфуза Салимова. — Ҳозир ўнлаб шогирдларим бор. Улар яратаётган халқ амалий санъати намуналарини кузатиб, муносиб издошларим борлигидан суюнаман. Ҳаётда нималарга эришган бўлсам, ҳаммасини халқ амалий санъати шарофатидан деб биламан. 2013 йилда «Ташаббус» кўрик-танлови ғолиби бўлдим. «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. 2017 йилда «Малика Султон» оилавий корхонаси ташкил қилдик. Энди эса яна бир орзумиз рўёбга чиқди. Зардўзлик маркази ва музейидан иборат мажмуа барпо этдик.

Уч қаватли мазкур иншоотнинг лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлиб, шунинг 1,2 миллиард сўми банк кредитидир. Бу ерда 40 нафар уста ва 60 нафар шогирднинг меҳнат қилиши учун барча қулайлик яратилган. Галереяда зардўзлик намуналари жамланган. Оилавий корхона маҳсулотлари АҚШ, Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Биргина ўтган йилда корхона маҳсулотларни намойиш этиш ва сотиш орқали 150 минг АҚШ доллари миқдорида даромад кўрди.

— Ҳунардан бахт, обрў-эътибор топган инсон бўлса менчалик бўларда, — давом этади Маҳфуза опа. — Шуни ўйлаб ўз олдимга яна ўнлаб қизларга зардўзлик сирларини ўргатаман, издошларим сафини кенгайтираман, миллий ҳунармандчилигимиз шуҳратига шуҳрат қўшаман, деган мақсадни қўйдим.

* * *

Ранг-баранг дастурлардан иборат халқаро фестивалнинг ҳар бир куни ана шундай қувончли лаҳзалар, ёдда қоладиган учрашувларга бой бўляпти. Якунда эса иштирокчиларни янада ҳаяжонли дамлар кутмоқда. Анжуман охирида энг яхши деб топилган халқ амалий санъати усталари 12 та номинация бўйича тақдирланади. Мукофот жамғармаси 45 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер