Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда “яшил энергия” сертификати жорий этилади
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда.
Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради.
Албатта, белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун амалдаги қонунларда айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш тақозо этилади.

Юқорида келтирилган заруратга асосан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритилмоқда.
Сенаторлар мазкур Қонун ижтимоий ва уй-жой коммунал соҳаларда, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларидаги энергия тақчиллигини бартараф этишга ҳамда инвесторлар учун қулай шароитларни яратишга ва рағбатлантириш механизмларини белгилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг