Қаҳратонда нобуд бўлган лайлак музей экспонатлари қаторидан жой олди
Фото: Халқ сўзи
Қаҳратон совуқ бошланган илк кунларнинг бирида Гулистон туманидаги Юлдуз маҳалласида яшовчи Эркин Рўзимуҳамедов ўз уйи яқинида аёздан нобуд бўлган лайлакни топиб олди. Қизлари Адолат, Дилроз ва ўғли Пўлатбек эзгулик ва тинчлик тимсоли бўлган бу қуш ҳақида ота-оналаридан кўп эртаклар эшитган эди. Шунданми, «Музлаб қолган лайлакни уйимизга олиб кирамиз, исиса тирилади», деб туриб олишди.
Сўнгра Телеграм каналлардан бирида ушбу ҳодиса ҳақида берилган видеолавҳа орқали хабар топган Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Зокиржон Холдоров лайлакни мазкур музейдаги Мирза воҳасининг ҳозирда 30 дан зиёд табиат намуналарига эга ҳайвонот олами бўлимига экспонат сифатида топшириш таклифини билдирди. Рўзимуҳамедовлар оиласи бу таклифга бажонидил рози бўлди.

Шундай қилиб, қаҳратонда ҳалок бўлган парранда узоқ йиллар томошабинларга Туркистон лайлаги ҳақида маълумот берувчи экспонат сифатида хизмат қиладиган бўлди. Айтиш лозимки, ушбу хайрли ишда истеъфодаги ҳарбий хизматчи Эркин ва олий тоифали ўқитувчи Лобар Рўзимуҳамедовлар ҳамда уларнинг жажжи фарзандларининг муносиб ҳиссаси бор.
Шу ўринда айтиш лозимки, бундан ўттиз йиллар аввал лайлакларнинг қиш мавсумида юртимизда қолиши қайд этилмаган. Уларнинг қишлаши ўтган асрнинг 90 йиллари бошидан буён кузатилаётир. Лайлаклар Сирдарё вилоятининг Гулистон, Сирдарё, Мирзаобод туманларида кўпроқ қўним топган.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг