Понани пона билан чиқарадилар
Фото: Халқ сўзи
Юртимиздаги пахтачилик хўжаликлари далаларида чигит униб чиқди, кўклам серёғинлигидан ғалланинг ҳам ўсиши баравж. Галдаги вазифа бу ниҳолу майсаларни турли офат ва зараркунандалардан ҳимоя қилишдан иборат.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, зарарли организмлар мавсум мобайнида пахта ва ғалла ҳосилини 60-80 фоизигача нобуд қилиши мумкин. Дунё қишлоқ хўжалигида эса бундай ҳашарот ва экин зараркунандаларга қарши курашишда аллақачон биологик усулдан кенг фойдаланилмоқда. Бу амалиёт республикамизда ҳам тобора оммалашиб боряпти. Чунончи, биргина Навоий вилоятида 12 та биолаборатория фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, жорий йил вилоят деҳқон ва фермер хўжаликлари экин майдонларида зараркунандаларга қарши биологик усул билан курашиш учун 163,0 килограмм трихограмма, 72,0 миллион дона бракон ва 160,0 миллион дона олтинкўз етказиб беради.
— Ҳозирги кунда биолабораторияларда зараркунандаларга қарши асосан уч турдаги биомаҳсулотлар — олтинкўз, трихограмма ва бракон ишлаб чиқарилмоқда, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Навоий вилоят бошқармаси сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Улуғбек Юсупов. — Ушбу биолабораторияларда биомаҳсулотлар етиштириш қонун-қоидаларига риоя этилиши юзасидан инспекциямиз томонидан назорат-профилактик тадбирлари ўтказилиб, биолабораториялар фаолияти орқали экин майдонларида табиий биофондни яхшилаш борасида масъулларга ёзма кўрсатмалар берилмоқда.
Бевосита биомаҳсулотлар самарадорлигига келсак, олтинкўз биолабораториялар томонидан асосан тухум ҳолатда тарқатилиб, личинкаси бир кунда 100 тагача зараркунандани йўқ қилади. Трихограмма-маккажўхори парвонаси, карам капалакларига, кўсак қурти ва бошқа бир қанча тунламларга қарши қўлланилади. Бу энтомофаг кўсак қуртининг тухумига қарши бир гектарига 1 грамм нормада тарқатилади.
Бракон-кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшли қуртларига қарши қўлланилади. Зараркунандалар зичлигидан келиб чиқиб, далага 1000 дона учадиган етук зотли бракон қўйилади.
Хуллас, халқимиз айтганидек, понани пона билан уриб чиқарадилар. Ушбу усул экология нуқтаи назаридан мутлақо безарар бўлса, иқтисодий жиҳатдан хийла камхарж.
— Вилоятдаги мавжуд биолабораторияларда бўлиб, мунтазам мониторинг ва профилактик тадбирларни олиб боряпмиз, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. — Таъкидлаш жоиз, айрим биолабораторияларда биомаҳсулотларни кўпайтиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, маҳсулот сифатига эътибор қаратмаслик, далага тарқатишдаги меъёр бузилиши натижасида самараси пасайиши ҳолатлари учраб турибди. Шунингдек, мазкур биомаҳсулотларнинг натижадорлиги пасайиши сабабларидан яна бири жойларда фойдали ҳашаротларнинг авлодини янгилаш ишларига эътибор берилмаётганлигидир.
Профилактик тадбирларда биолабораторияларда кўпайтирилаётган маҳсулотларнинг самарадорлигини таъминлаш, сифатини ошириш ва зараркунандаларга қарши натижадорлигига эришиш учун биомаҳсулотлар авлодини янгилаш бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг