Полшанинг Великополск воеводалигида “Ўзбекистон кунлари” бўлиб ўтди

14:20 29 Июль 2023 Дунё
569 0

Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси  билан Полшанинг Великополск воеводалигида жойлашган Конин шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” ташкил этилди.

Тадбир Янги Ўзбекистон тараққиётининг учта асосий йўналиши – мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар, иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ва туризм соҳасини ривожлантиришга бағишланди.

Великополск воеводалиги — Полшанинг 16 минтақасидан бири бўлиб, мамлакат марказий қисмида жойлашган. У 31 шаҳар ва 226 коммунадан иборат. Воеводалик ҳудуди бўйича мамлакатда иккинчи, аҳоли сони бўйича эса учинчи ўринда туради. Ҳудудда қарийб 3,5 миллион киши истиқомат қилади. 2022 йили минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 57,7 миллиард долларга етди, бу Полша ялпи ички маҳсулотининг 9,5 фоизини ташкил этади. Воеводаликда машинасозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлар равнақ топган.

Минтақа мериясида Великополск воеводалиги мери Марек Возняк, Конин шаҳри мери Жузев Новиски, олий ўқув юртлари ректорлари ва маҳаллий ОАВ ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчиси Баҳром Бобоев учрашув қатнашчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқлари, камбағалликни қисқартириш, ёшлар сиёсати ва гендер тенглигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвесторларнинг маҳаллий бозорга киришига тўсқинлик қилаётган эски тўсиқларни бартараф этиш ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Конституция ислоҳоти Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурида энг муҳим қадам бўлгани – Асосий қонун нормаларининг 60 фоиздан ортиғи янгилангани, давлатнинг ижтимоий функцияси мустаҳкамлангани, Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат сифатида эълон қилингани алоҳида таъкидланди.

Воеводалик мери  Марек Возняк ўз чиқишида сўнгги йилларда мамлакатимизда рўй берган муҳим ўзгаришларга юқори баҳо берди. У, шунингдек, жаҳон миқёсида, жумладан, Полшада ҳам глобал ва халқаро муаммоларни ҳал этишнинг ишончли ҳамкори, ташаббускори сифатида Ўзбекистоннинг нуфузи изчил юксалиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон кунлари” доирасида Великополск минтақаси ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга туб, тизимли ва изчил ислоҳотлар даврини бошдан кечираётган Ўзбекистон иқтисодиёти, давлат институтлари тизимидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Полша ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон ишбилармон доиралари билан қурилиш материаллари ва қуёш панеллари ишлаб чиқариш, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалигида янги технологиялар трансфери, парранда гўштини саноат усулида ишлаб чиқариш, мевали экинлар ва резавор мевалар етиштириш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдиришди.

Воеводалик ишбилармон доиралари вакиллари жорий йилнинг куз фаслида Тошкентда “Ўзбекистон-Полша” ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган бизнес форумида иштирок этишга таклиф қилинди.

Воеводаликнинг асосий сайёҳлик идорасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилди. Мамлакатимизда сайёҳликка миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи мақоми берилгани қайд этилди.

Ўзбекистон элчиси давлатимиз раҳбарининг сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, соҳа инфратузилмаси ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш борасидаги янги ташаббуслари ҳақидаги маълумотларни ҳам ўртоқлашди. Сайёҳлик тизими давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, глобаллашув шароитида туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, соҳани бошқаришда устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани  таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер