Покистон мактабларида Бобур ҳақидаги мавзулар ўқитилади — Ҳусайн Однан
Шоҳ ва шоир таваллудига бағишланган тадбирларнинг асосий қисми унинг номи билан аталувчи майдондан бошланди. Бу ерга ташриф буюрганлар дастлаб буюк бобокалонимиз ҳайкали пойига гулдасталар қўйдилар. Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновлар Бобурнинг фаолияти ва ҳаётига оид янги изланишлар натижалари ҳақида фикр юритдилар.
— Заҳириддин Муҳаммад Бобур юксак қобилият эгасигина бўлиб қолмай, қўмондон сифатида ҳам жаҳон ҳамжамиятида муносиб из қолдирган, — дейди Бобур номли халқаро жамоат фондининг Қирғизистон Республикасидаги бўлими раҳбари Бегижон Аҳмедов. — Унинг ҳаёти ва ижодини қардош халқлар орасида кенг тарғиб қилиш борасида самарали фаолият юритяпмиз. Жумладан, жойларда унинг таваллудига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Асарларини таржима қилиш, қадамжоларини обод масканларга айлантириш мақсадига қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Тадбирда покистонлик ва ҳиндистонлик бир гуруҳ талабалар ҳам иштирок этди. Улар Бобур қаламига мансуб ғазалларни ўзбек тилида ўқидилар.
— Покистон мактабларида ҳам тарих фанида Бобур ҳақидаги мавзулар ўқитилади, — дейди Андижон давлат тиббиёт институтининг 4-босқич талабаси Ҳусайн Однан. — Шунинг учун Бобурийлар сулоласининг Ҳиндистон давлати ривожига қўшган ҳиссасидан хабарим бор. Бироқ, унинг ижоди билан Ўзбекистонга келгач танишдим. Ҳозирда шоирнинг қаламига мансуб асарларини ўзбек тилида ўқимоқдаман.

Шу куни “Бобур издошлари” шиори остидаги тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, меҳнат жамоалари ва ўқув муассасалари вакиллари Навоий номли маданият ва истироҳат боғидан Бобур майдонигача бўлган манзилда ҳарбийча юриш орқали ўзларининг жанговар тайёргарликларини намойиш этдилар.
Шоҳ ва шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирнинг бадиий қисми вилоят ҳокимлиги биносида давом этди. Бобурнинг ғазаллари куйларга, куйлар эса саҳна кўринишларига уланди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа манзилларида ҳам давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг