Почта алоқасига оид қонунчилик ижроси — парламент назоратида

10:08 29 Июль 2023 Жамият
334 0

Миллий тараққиёт, аҳолининг яшаш даражаси ва турмуши сифатини оширишда хизматлар соҳаси улкан аҳамиятга эга. Хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда энг муҳим манба ҳисобланади. Бугунги дунё тажрибаси ҳам ҳар қандай мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажмини оширишда, аҳоли бандлигини таъминлашда, одамлар яшаш фаровонлиги даражасини белгилашда айнан ушбу соҳа етакчи омил эканини кўрсатмоқда. Албатта, хизматлар соҳасида почта алоқаси ҳам муҳим ўрин тутади.

Хизмат кўрсатиш соҳасига нисбатан талабнинг ошиб бориши, табиийки, почта алоқаси хизматларини ривожлантиришга туртки бериб, тизимга янги технологияларни жорий этиш ва янгича хизмат турларини таклиф этиш имкониятларини ҳам яратди. Бугунга келиб, почта алоқаси хат ёки жўнатмалардан ташқари, товарлар етказиб бериш, банк, молия ва давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ўз инфратузилмасига эга тарзда ривожланиб бораётган фаол соҳага айланиб улгурди. Ушбу соҳада белгиланган вазифаларни сифатли амалга оширилишида қонунчилик ижросини таъминлаш ғоят муҳимдир.

Жорий йилнинг 28 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

Қайд этилишича, кейинги 3-4 йилда Ўзбекистонда почта алоқаси соҳаси жадал ривожланди. Биринчи галда, соҳага оид тегишли қонунчилик такомиллаштирилди, алоҳида ҳужжатлар, ривожлантириш дастурлари қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида почта алоқаси миллий операторининг логистика тизими яхшиланди, моддий-техник базаси янгиланди, почта алоқаси объектлари замонавий жиҳозланди ва бошқа имкониятлар тақдим этилди. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида тўловларни қабул қилиш тизими яратилди, почта алоқаси орқали 60 дан ортиқ давлат хизматлари амалга оширилди, электрон тижорат товарларини етказиб бериш хизмати ишга туширилди.

Депутатлар томонидан соҳага оид қонунчилик ижросини тўлақонли таъминлашга хизмат қилувчи омиллар ва ютуқлар билан бир қаторда айрим муаммолар ва уларнинг ечими бўйича масалалар ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур қарорнинг ҳудудларда почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга доир бандлари бажарилмагани депутатларнинг танқидига сабаб бўлди.

Таъкидланишича, бундай бандлар жами 89 та бўлиб, улардан 68 таси бажарилган, қолган 21 та, жумладан Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида 4 тадан, Сирдарё вилоятида 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида 2 тадан, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида 1 тадан банд маҳаллий ҳокимият органлари томонидан маблағлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли тўлиқ бажарилмаган. Депутатлар ушбу бандлар ижросини парламент назоратига олишга келишиб олишди.

Халқ вакилларининг яна бир эътирозларига сабаб бўлган масала — Почта алоқаси ривожланишининг интеграциялашган индексида Ўзбекистон ўрнини янада пастлаши бўлди. Қайд этилишича, дунё бўйича 170 мамлакат орасида Ўзбекистон 115-ўринни эгаллаган. Халқ вакилларига кўра, ваколатли давлат органи мазкур камчиликларни зудлик билан бартараф этиши ва йил якунига қадар ушбу индексда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаши шарт. Ўз ўрнида депутатлар ушбу масалани биргаликда ҳал қилиш таклифини илгари сурдилар. Танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер