Пешағорда бир қарич ердан уч марта ҳосил олинмоқда
Жиззахдан Зоминга қараб юрганлар яхши билишадики, бундан атиги беш ёки олти йил олдин адирлик ва қирлардан иборат, осмондан бир томчи сув тушишига муҳтож бўлган лалми майдонлар айни кунларда катта-катта боғ-роғлар ва узумзорларга айланган. Бунинг замирида албатта катта меҳнат, қунт ва машаққат ётади.
Катта йўлнинг ёқасидан тоғ-ён бағриларига туташиб кетган Пешағор маҳалласида яшовчиларнинг меҳнаткашлиги, ер билан тиллашиши кўриб, ҳавасингиз келади. Бугун маҳалла аҳли томорқани шунчаки «боғ-роғ» эмас балки ҳақиқий даромад манбаига айлантирган.
Қишлоқ оралаб юриб, Ўктам Бобоевнинг хонадонига кирганимизда кўз олдимизда ям-яшил манзара намоён бўлди. 8 сотих ерда тикланган иссиқхонада помидор ва бодринглар худди саф тортган аскарлардек гуллаб ётибди. Энг муҳими, бу ерда ишлар шунчаки эмас, балки илм билан, инновацион агротехника асосида йўлга қўйилган.
Ўктам Бобоев суҳбат асносида шундай дейди:
— Илгари ерга фақат мавсумда, ёмғир тушишига ва намга қараб бир марта экин экардик, қолган вақт ер дам оларди, бўш майдонга қўй-қўзиларни қўйиб юборардик. Ҳозир замон ўзгарди, энди тадбиркорлик билан иш тутяпмиз. Йилига бир қарич ердан икки, уч марта ҳосил оляпмиз. Бу ҳам рўзғорнинг кам-кўстига, ҳам фарзандлар, невараларнинг ўқишига, уйлантириш, қиз чиқариш тўйларига каттагина мадад. Меҳнатдан қочмасанг, ер сени ҳеч қачон қуруқ қўймайди. Ҳозир бодрингни орқасидан помидорни бошлаяпмиз.
Дарҳақиқат, Пешағордаги бу тажриба тоғли ва адирликда жойлашган ҳудудлар учун ўрнак бўлгулик. Оила нафақат ўзини сабзавот билан таъминламоқда, балки туман, вилоят бозорларига маҳсулотлар чиқариб, қўшимча даромадлар ҳам топяпти. Бу дегани – маҳаллада тадбиркорлик ривожланяпти, рўзғорлар бут бўляпти.
Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг