Пенсия ёшидаги ходимни ўз ихтиёрисиз ишдан бўшатиш мумкин эмас
Фото: Иллюстратив cурат
Меҳнат қонунчилигида белгилаб қўйилган бу қоидага амал қилмаслик, ички буйруқ билан нафақа ёшига етган ходимни унинг хоҳиш-истагисиз ишдан бўшатиб юбориш ҳолатлари амалиётда учраб турибди.
Андижон вилояти Балиқчи туманида истиқомат қилувчи Маъруфжон Эргашев ҳам худди шундай ҳолатга дуч келди. У узоқ йиллар давомида Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида меҳнат қилди. Пенсия ёшига етгач, вазифасидан озод этилди. Гарчи у буни хоҳламасада, лекин унинг режалари билан масъул шахслар қизиқмади. Аксинча, бошқарма бошлиғининг 2022 йил 20 августдаги буйруғига асосан Балиқчи насос станциялар бўлинмасига қарашли «Оролхон-1» насос станцияси электромонтёри лавозимида ишлаган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси унинг пенсия ёшига етганлиги сабабли бекор қилинганини айтишди. Буйруқда Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-банди, ходимга юборилган огоҳлантириш хати ва бошлиқнинг кўрсатмаси асос қилиб кўрсатилган эди. Аслида эса бу борада иш берувчи биринчи галда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишувга эришмоғи керак бўлади.
Фуқаронинг мурожаатига асосан олиб борилган ўрганиш давомида унга нисбатан қўлланган қарор ноқонуний деб топилди ҳамда ходимни ўз вазифасига қайта тиклаш юзасидан бошқарма бошлиғи номига тақдимнома киритилди.
Ҳозирда Маъруфжон Эргашев аввалги вазифасида меҳнат қилмоқда. Бунга у ҳуқуқий манфаатларини талаб қилиш орқали эришди.
Зиёдбек МАНСУРОВ,
Балиқчи тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг