«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун ўқитувчи ва муаллимларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини оширишга хизмат қилади

19:25 25 Сентябр 2023 Сиёсат
771 0

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни парламент юқори палатасининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилаётган қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгашлар котибиятлари мудирлари ҳамда соҳа мутахассислари эътибор марказида бўлди.

Қайд этилганидек, Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланмоқда.

Мазкур Қонун асосида педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади ва мамлакатимизда педагогнинг мақоми тан олинади.

Ушбу Қонун ўқитувчи ва муаллимларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини оширишга хизмат қилади.

Муҳокама жараёнида қонун нормалари билан бирга педагоглар мақомини ошириш, уларнинг моддий таъминоти даражасини ўстириш юзасидан қилинган бир қатор аҳамиятли ишларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, сўнгги йилларда педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдорлари бир неча марта оширилгани, алоҳида устама ҳақлар жорий этилиши ва таълим стандартлари талабларига мувофиқ педагогларнинг иш юкламалари мақбуллаштирилгани ҳам айтиб ўтилди.

Муҳокама сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер